31 май куни TikTok’даги Bakedlikepie аккаунтида бир аёлнинг ўз ҳудудидаги итларни ҳимоя қилиш мақсадида ҳовли девори устидаги айиқни итараётгани тасвирланган видео пайдо бўлди, деб хабар беради Esquire.

Кадр: YouTube

«Хейли исмли амакиваччам бугун девор ошиб тушмоқчи бўлган айиқни итариб юбориб, итларини қутқариб қолди. Хотира кунингиз қандай ўтди?! (Бу нима даҳшат?!)», — дейилади видео остидаги изоҳда.

Ролик кузатув камераси томонидан олинган. Бироқ видеодан кўриш мумкинки, катта айиқ ҳамда унинг икки боласи хусусий уйлар ўртасидаги деворга чиқиб олган. Айиқчалар тезда қочиб кетган, катта айиқ эса панжалари билан итларни тутишга уринган. Бир неча сониядан сўнг, Хейли югуриб келган ва айиқни панжарадан итариб юбориб, итларини уйига олиб кириб кетган.

Scopes нашрининг ёзишича, уй ҳайвонлари айиққа дуч келган пайтда Хейли боғдорчилик ишлари билан шуғулланаётган бўлган. «Хейли ва итларнинг аҳволи яхши. Йўқ, у бу каби ишни мунтазам қилмайди», — дейди аёлнинг амакиваччаси Бренда. Таъкидланишича, оила эндиликда панжарани баландроқ қилиб кўтаришни режалаштирмоқда.

Аввалроқ Канадада АҚШ чегарасини ноқонуний кесиб ўтмоқчи бўлган айиқ боласи қўлга олингани тўғрисида хабар берилганди.