Фарғона вилоятининг Марғилон шаҳридаги «Ижодкорлар боғи»да «Оналарга эҳтиром» фестивали ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда «Дарё» мухбири Азизжон Эрматов хабар берди.
Тантанали маросимда маданият вазири Озодбек Назарбеков иштирок этиб, фарғоналик мўътабар онахонларга эҳтиром кўрсатган ва уларга бағишлаб қўшиқ айтган.«Дарё» мухбирининг маълум қилишича, Озодбек Назарбеков ижросидаги қўшиқ тугаган пайтда кутилмаганда саҳнага бир онахон чиқиб келган. Онахон Ўзбекистон халқ артистининг қўлидан микрофонни олиб, жонли ижрода қўшиқ куйлаган.
Онахон ижросидаги қўшиқ тадбир иштирокчиларининг олқишига ва Озодбек Назарбековнинг ҳайратига сабаб бўлган.
«Мен қишлоғимга бориб мақтанаман. Озодбек Назарбеков билан ашула айтдим, дейман. Мендан бахтли одам йўқ. Айланай, шу Озодбекни бир кўрсам, шу болани дийдорига бир тўйсам бўлди, деб ният қилгандим. Мана, Аллоҳ етказди. Мана, қизларимнинг ярми ашуламни ёмон кўрса, ярми айтинг она дейди. Э, бор-э, айтавераман дейман. Саксонга киряпман, айтаверайми? Товушим яхшими?», — деб сўраган онахон Озодбек Назарбековдан.
Шундан сўнг онахон Озодбек Назарбековга: «Энди битта ашула айтинг, ўйинга тушаман, кейин кетаман», — дея «Бағдодда нима гаплар» қўшиғини айттириб, ўзи рақсга тушган.
Маълум қилинишича, Озодбек Назарбековни ўзининг жонли ижроси билан лол қолдирган 80 ёшли Дорихон Абдуллаева вилоятнинг Ёзёвон туманидан бўлиб, ушбу фестивалда «Энг яхши алла ижрочиси» номинациясида иштирок этган.
Онахонга вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров телевизор совға қилган.
Изоҳ (0)