Андижонда беш нафар эркак дала шийпонида 18 ёшли келинни зўрлагани, келиннинг яқинлари қонунбузарларга чора кўришни сўраётгани ҳақида хабар берилганди. 25 май куни вилоят прокуратураси жабрланувчи ҳамда гумон қилинган шахсларнинг барчаси суд-тиббий экспертизасидан ўтказилиб, олинган ашёлар бўйича судга оид биология, судга оид криминалистика ва судга оид микротола экспертизалари тайинланганини маълум қилган. ИИВ ахборот хизматининг ёзишича, суд-тиббий экспертизасининг хулосасига кўра, жабрланувчининг баданида зўрлик аломатлари билан боғлиқ тан жароҳатлари мавжуд эмаслиги, 13-14 ҳафталик ҳомиладор эканлиги ва ҳомиласи ривожланаётганлиги аниқланган.

Фото: Видеодан кадр

Шунингдек, судга оид толали материалларни криминалистик текшириш экспертизасининг хулосасига кўра, жабрланувчи О.О.нинг кийимларида гумондорларнинг кийимларига тегишли толалар мавжуд эмаслиги аниқланган.

Жабрланувчи О.О. яқин қариндошлари ва ҳимоячиси иштирокида сўроқ қилинганида уни ҳеч ким зўрлаб номусига тегмаганини, айрим шахслар (қонунчилик талабларига асосан шахс ҳақидаги маълумотлар сир сақланади) моддий манфаатдор бўлиш эвазига уни зўрлаб номусига теггани ҳақида ариза ва кўрсатма беришга мажбур қилгани, агарда ушбу кўрсатмани бермаса, турмуш ўртоғи билан бирга яшаттирмасдан, ажратиб юборишини айтгани сабабли, иложсизликдан ёлғон кўрсатма берганини маълум қилган.

Шунингдек, ишга алоқадор бўлган ва гувоҳ тариқасида сўроқ қилинган шахслар ҳодиса куни жабрланувчи О.О.га тегишли бўлган шийпон атрофида бегона эркакларни кўрмаганини ҳамда дала шийпонидан аёл кишининг ёрдам сўраб бақирган овози эшитилмаганини маълум қилган.

Ўтказилган тергов ҳаракатлари давомида жабрланувчи О.О. маълум қилган беш нафар шахс воқеа содир бўлган куни ҳодиса жойида, яъни жабрланувчи О.О.га тегишли бўлган дала шийпонида умуман бўлмагани аниқланган.

Тергов ҳаракатлари давомида тўпланган инкор қилиб бўлмас далилларга асосан фуқаро О.О.нинг зўрланганлиги тўғрисидаги важлари ўз тасдиғини топмагани сабабли жиноят ишининг гумон қилинувчиларга тегишли қисмини Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддасига (жиноий ҳодиса юз бермаган ёки шахснинг қилмишида жиноят таркиби бўлмаса) асосан тугатиш масаласи кўриб чиқилмоқда.

Ҳозирда фуқаро О.О. ва бошқаларнинг туҳмат қилгани ҳолатига ҳуқуқий баҳо бериш мақсадида тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

«Шу ўринда, фуқаролардан ҳамда блогерлардан ваколатли идоралар томонидан тасдиқланмаган турли асоссиз хабарларга таянмасликларини, тергов ҳаракатларига аралашмасликларини, ҳар бир хабар юзасидан қонуний қарор қабул қилинишини ҳамда ҳақиқатга тўғри келмайдиган, ваҳима чиқаришга қаратилган маълумотлар ва материалларни ҳар қандай шаклда тарқатиш учун жиноий жавобгарлик мавжудлигини яна бир бор эслатиб ўтамиз», — дейилади хабарда.

Таъкидланишича, келгусида тергов ҳаракатлари натижаси юзасидан қўшимча маълумот берилиши таъминланади.

Эслатиб ўтамиз, мудҳиш ҳодиса Сенатнинг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси томонидан назоратга олингани, вилоят ҳокимлиги мазкур жиноятни содир этган жиноятчилар ўз қилмишлари учун қонун олдида, албатта, жавоб бериши ҳақида хабар берилган эди. Кейинроқ Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги вазирнинг шахсий назоратига олингани, ҳозирга қадар вилоят ИИБ раҳбарияти билан воқеа тафсилотлари бўйича доимий мулоқот олиб борилаётгани таъкидланганди. Ушбу жиноят ишини ички ишлар вазири шахсан назоратга олганди.