Радиация ва ядро хавфсизлиги қоидабузарликлари ҳақида хабар бериб пул ишлаб олиш мумкин
Ўзбекистонда 2026 йил 1 августдан бошлаб саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қоидалари бузилиши юзасидан хабар берган шахслар пул мукофоти билан рағбатлантирилади. Бу ҳақда ҳукуматнинг 5 майдаги қарорида белгиланди.
Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитасига хавфли ишлаб чиқариш объектлари ва техник қурилмаларидан фойдаланишдаги ҳуқуқбузарликлар ҳақидаги тақдим этиладиган фото ёки видеоматериалларда саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қоидаларини бузиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарлик моҳияти, ҳуқуқбузарлик содир этилган манзил (геолокация), сана ва вақт аниқ акс этган бўлиши лозим.
Фото ёки видеоматериаллар қўмитанинг интернет ахборот тармоғи орқали ишловчи электрон тизимга OneID орқали кириш орқали юборилади.
Бунда фойдаланувчи ҳақидаги қуйидаги маълумотлар “Электрон ҳукумат” тизимининг жисмоний шахслар марказий маълумотлар базасидан олинади: фамилияси, исми, отасининг исми, доимий ёки вақтинчалик яшаш манзили, мобил телефон рақами, электрон почта манзили (агар бўлса), банк пластик картаси рақами, иш жойи ва лавозими (ихтиёрий). Шахсий маълумотлар қонунчиликка мувофиқ ҳимоя қилинади ва улардан фақат тегишли низомда белгиланган мақсадлар учун фойдаланилади.
Юбориладиган фото ва видеоматериалларга ҳар қандай таҳрир, монтаж, эффект қўллаш тақиқланади. Техник сабабларга кўра ҳажмини қисқартириш мақсадида роликнинг бевосита ҳуқуқбузарлик акс этган қисмини кесиб олишга йўл қўйилади.
Ахборот тизими орқали келиб тушган материаллар ҳамда “E-ma’muriy ish” учун зарур маълумотлар тўплами Қўмитанинг ҳудудий бошқармаси (бўлими) масъул ходими томонидан 3 иш куни мобайнида жойига чиққан ҳолда кўриб чиқилади. Масъул ходим қонунчиликка мувофиқ маъмурий иш қўзғатади, далилларни расмийлаштиради ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс талабларига биноан қарор қабул қилади.
Ҳуқуқбузарлик бўйича ундириладиган жарима қуйидагича тақсимланади:
- 20 фоизи — давлат бюджетига
- 80 фоизи — қўмитага.
Фото ва (ёки) видеоматериалларни тақдим этган шахс ҳуқуқбузарлик бўйича ундирилган
жариманинг қўмитага ўтказилган қисмидан
20 фоизи миқдорида пул мукофоти билан рағбатлантирилади.
Пул мукофоти автоматик тарзда муражаат қилувчининг мобил рақамига боғланган тўлов хизматлари ёки кўрсатилган банк картасига ўтказилади. Маблағларни ўтказишда шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш талаблари қатъий сақланади.