Ўзбекистон делегациясининг 26 май куни Ашхобод шаҳрига ташрифи доирасида Ўзбекистон ва Туркманистон ҳукумати ўртасида сув хўжалиги масалалари бўйича ўзбек—туркман ҳукуматлараро қўшма комиссияси тўғрисида битим имзоланди, деб хабар бермоқда ТИВ матбуот хизмати.
Шунингдек, икки мамлакат ҳукумати ўртасида Ердан ҳақ тўлаш эвазига фойдаланиш тўғрисидаги битимга қўшимча битим имзоланди.
Ўзбекистон томонидан ҳужжатларни ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов, Туркманистон томонидан эса Вазирлар Маҳкамаси раисининг ўринбосари, ташқи ишлар вазири Рашид Мередов имзолаган.
Томонлар мазкур ҳужжатларнинг имзоланиши трансчегаравий сув ресурсларидан оқилона ва адолатли асосда, дўстлик руҳида ва яхши қўшничилик руҳида биргаликда фойдаланиш масалаларида ўсишга хизмат қилишини таъкидлаган.
«Gazeta.uz»нинг эслатиб ўтишича, 2019 йилда бўлиб ўтган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг иккинчи маслаҳат учрашувида сув ресурслари муаммосига алоҳида эътибор қаратилган. Шавкат Мирзиёев сувдан фойдаланиш борасидаги муаммоларни ҳал этишга доир ўзаро келишилган ёндашувларни ишлаб чиқишни таклиф этди. Туркманистон раҳбари Гурбангули Бердимуҳамедов минтақа давлатлари сув ресурсларидан тенг ва адолатли фойдаланишни таъминлаш учун кучларни бирлаштириши кераклигини таъкидлаган.
Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Питер Буриан минтақадаги зиддиятли вазиятларни ҳал қилиш учун мамлакатлар нафақат сувдан тежамкорроқ фойдаланишлари, балки тоғ дарёларининг юқори ва қуйи оқимлари мамлакатлари манфаатларини ҳисобга олган ҳолда сув ресурсларини адолатли тақсимлашни келишиб олишлари кераклигини таъкидлаган.
Изоҳ (0)