Россия Федерал жазоларни ижро этиш хизмати мажбурий меҳнат ҳуқуқига эга маҳбуслар учун меҳнат лагерлари яратиш ғоясини илгари сурмоқда. Муассаса директори Александр Калашниковнинг сўзларига кўра, бу совет иттифоқида мавжуд бўлган лагерлардан бутунлай фарқ қилади, деб ёзмоқда Meduza.

Фото: gomel.today

«Бу ГУЛАГ (Лагерлар бош бошқармаси) бўлмайди, аксинча мутлақо янги ва муносиб шароитлар яратилади, лагерда маҳбус ишлаш билан бирга ётоқхонада яшайди ёки агар хоҳласа, оиласи билан ижарага уй олади, шунингдек, уларга яхши маош берилади», — деди Калашников «ТАСС»га берган интервьюсида.

Унинг сўзларига кўра, айни пайтда кўплаб йирик объектларда ишчи кучи етишмаслиги муаммоси муҳожирлар ҳисобига ҳал қилинмоқда. Агар мигрантлар маҳбуслар билан алмаштирилса, бу нафақат меҳнат ресурслари етишмовчилигини енгишга ёрдам беради, балки маҳбусларнинг ижтимоийлашувини ҳам таъминлайди.

Федерал хизмат раҳбарининг таъкидлашича, 2021 йил май ҳолатига кўра, Россияда мажбурий меҳнатга жалб қилиниши мумкин бўлган 188 мингга яқин киши жазо ўтамоқда.

Маълумот учун 1930—1950 йилларда СССРда маҳбуслар меҳнатидан фаол фойдаланилган. Маҳбуслар ўша пайтда барпо этилган деярли барча йирик саноат ва транспорт иншоотларини қуришда иштирок этган.

Маҳбусларни йирик объектларда ишлашга жалб қилиш ғояси Россияда бир неча йилдан бери турли даражаларда муҳокама қилинмоқда. Хусусан, 2015 йилда Россияда бўлиб ўтадиган ФИФА—2018 чемпионати учун иншоотлар қурилишида маҳбуслар меҳнатидан фойдаланиш режалари тақдим қилинган.