16 май куни Хитойда Oppo Find Х3 флагманининг махсус версияси сотувга чиқди. Марс Exploration Edition номини олган смартфон Хитойнинг Tainwen-1 миссиясини Марсга муваффақиятли қўнганига бағишланади, деб хабар беради IXBT.
Смартфон корпусининг ранги космик кеманинг металл ярқираши рамзи ҳисобланади ва унга Маrs 2021 ёзуви туширилган. Операцион тизимга Марсда қуёш отиши ва ботишини ифодаловчи мавзуга эга «обой»лар қўйилган, камерасида эса «Марсга хос» фильтр мавжуд бўлиб, унинг ёрдамида «марсча блокбастер» суратга олиш мумкин.
Смартфон Qualcomm Snapdragon 888 платформасида яратилган бўлиб, унга Quad HD+ сифатни қўллаб-қувватловчи 6,7 дюймли AMOLED экран ўрнатилган. Учталик камералар модулини 50, 50 ва 13 мегапикселли датчиклар ташкил этади. Аккумулятор сиғими 4500 мА/соат бўлиб, у 65 ваттли тезкор қувватланиш функциясига эга. Тезкор хотираси — линейкадаги максимал — 16 гигабайт, ишчи хотираси эса 512 гигабайтга тенг. Oppo Find X3 Pro Маrs Exploration Edition’нинг расмий нархи 1090 долларни ташкил этади.
Аввалроқ Oppo компанияси Marvel киноолами ишқибозлари учун мўлжалланган смартфон — Reno5 Marvel Edition’ни тақдим этганди.
Изоҳ (0)