Тожикистон ҳукумати делегациясининг Ўзбекистонга ташрифи доирасида Ўзбекистон бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов Тожикистон иқтисодий ривожланиш ва савдо вазири Завқизода Завқи Аминни қабул қилди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.
Томонлар Ўзбекистон Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш маркази Тожикистоннинг тегишли вазирлик ва идоралари билан биргаликда саноат кооперациясини ривожлантириш бўйича истиқболли соҳаларни таҳлил қилиш ҳамда ушбу тармоқларда аниқ лойиҳавий таклифларни ишлаб чиқиш чораларини кўришга келишиб олган. Шунингдек, ўзбек ва тожик ишбилармонлар доиралари ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни йўлга қўйиш учун қўшма бизнес-форумлар ўтказиш ташаббуси маъқулланган.
Таъкидланишича, ўзаро савдонинг барқарор ўсиши натижасида ўтган 4 йил мобайнида бу кўрсаткич 4 баробардан зиёд ошган. Товар етказиб беришда географик яқинлик ва транспорт харажатларининг камлиги туфайли ўзаро товар айирбошлашни ошириш учун кенг имкониятлар мавжудлиги қайд этилган.
«Шу муносабат билан мавжуд техник тўсиқларни бартараф этиш, савдо тартибларини соддалаштириш ва маҳсулотларнинг икки мамлакат бозорларига қулай киришини таъминлаш орқали ўзбек ва тожик ишлаб чиқарувчилари учун янада қулай шарт-шароитлар яратишни назарда тутган ҳолда яқин йилларда ўзаро савдо ҳажмини 1 миллиард долларга етказиш бўйича амалий ҳамкорлик тўғрисида келишувга эришилди», — дейилади хабарда.
Томонлар, шунингдек, макроиқтисодий прогнозлаш, рақамли иқтисодиётни ривожлантириш ва электрон тижорат соҳасида ҳамкорлик қилишга келишиб олган. Икки мамлакатнинг тегишли вазирлик ва идоралари экспертлари савдо айланмасини кенгайтириш ва саноат кооперациясини ривожлантириш учун қисқа муддатда «Йўл харитаси»ни ишлаб чиқишга киришишлари белгиланган. Учрашув якунида томонлар Ўзбекистон Президентининг шу йил июнь ойида Тожикистонга бўладиган ташрифининг кун тартибини тайёрлаш бўйича ишларни давом эттириш ва фаоллаштиришга келишиб олди.
Эслатиб ўтамиз, Тожикистон бош вазири Қоҳир Расулзода бошчилигидаги делегация 14 май куни Тошкентга келди. Делегация 14—15 май кунлари Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг 8-йиғилишида иштирок этмоқда.
Изоҳ (0)