Исроилнинг бир қатор шаҳарларида яҳудий ва араб аҳолиси ўртасида тўқнашувлар ва тартибсизликлар бошланди, деб ёзмоқда The Jerusalem Post.

Фото: AP Photo

Хабарга кўра, Исроилнинг шимоли-ғарбий қисмидаги Акко шаҳрида тош ва таёқ билан қуролланган бир гуруҳ араблар ҳужумига учраган бир яҳудий оғир аҳволда касалхонага ётқизилди.

Тель-Авив атрофидаги Бат-Ям шаҳрида яҳудийлар икки кишини калтаклаб, бир нечта араб муассасаларини вайрон қилган. Шаҳар мери Звик Бротнинг таъкидлашича, тартибсизликлар «шаҳар ташқарисидан келган провакаторлар томонидан уюштирилган».

Шунингдек, тартибсизликлар Хайфа, Назарет, Тверия ва Лод шаҳарларида бўлиб ўтмоқда. Лодда араблар ва яҳудийлар ўртасида тўқнашувлар бир неча кундан бери давом этмоқда. Лод мэри Яир Ревиво шаҳар устидан назорат йўқолганини маълум қилди. Шаҳарда комендантлик соати жорий этилди.

Исроил полициясининг хабар беришича, 12 май куни мамлакатнинг турли шаҳарларида тартибсизликларда қатнашган 400 дан ортиқ киши ҳибсга олинган.

Аввалроқ HAMAS ҳаракати Исроил марказидаги шаҳарларга йирик ракета ҳужумини уюштирган эди. Исроил янги зарбалар билан жавоб қилди.

Ракета ҳужумлари Исроил полицияси ва фаластинликлар ўртасида тўқнашувлар содир бўлаётган Шарқий Қуддусдаги кескинлик кучайган бир пайтда юз бермоқда. 7 май куни Исроил судининг қарорига биноан Маъбад тоғлари яқинидаги «Шайх Жарроҳ» маҳалласидан араб оилаларини кўчириб юбориш жараёни бошланган эди. Бунинг натижасида ҳудудда норозилик намойишлари ва тўқнашувлар юзага келди.