Сурия Олий конституцион суди 26 май куни бўлиб ўтадиган президентлик сайловларида иштирок этиш учун уч нафар номзодни рўйхатдан ўтказди. Улардан бири амалдаги давлат раҳбари Башар Асад бўлди. Бу ҳақда «Коммерсантъ» хабар берди.
Қолган икки ўринни собиқ давлат вазири Абдалла Саллюм Абдалла (2003—2008 йилларда ва 2012—2016 йилларда социалистлар патиясидан Халқ кенгаши депутати этиб сайланган) ва суриялик Маҳмуд Аҳмад Марей банд қилди. Марей Сурия ҳукумати томонидан рухсат берилган мухолифат ҳаракатининг вакили бўлиб, тарафдорларининг Дамашққа қарши қуролли кураш олиб бораётган сургундаги мухолифатчиларга ҳеч қандай алоқаси йўқ.
Сайловларда иштирок этиш учун 51 нафар номзод ариза топширди. Рўйхатдан ўтиш учун эса энг камида 35 нафар депутатнинг овоз бериши талаб этилади. Сайловда номзод сифатида рўйхатга олинмаганлар уч кун ичида конституцион судга апелляция киритиши мумкин.
Сурия мухолифатчилари режалаштирилган президентлик сайловларини кўзбўямачилик деб атади. АҚШ ва Европа Иттифоқи олдиндан сайлов натижаларини тан олмаслигини маълум қилди.
Ғарбий ОАВ сайловларда Асаднинг муаммосиз тўртинчи муддатга қайта сайланиши ҳақида ёзмоқда.
Сурияда навбатдаги президентлик сайловлари 26 май куни бўлиб ўтиши режалаштирилган.
Изоҳ (0)