АҚШ Миллий институти тадқиқотчилари коронавирусга чалинганларнинг аксариятида нима сабабдан таъм билиш хусусияти йўқолиб қолаётганини тушунтириб берди. Бу борадаги тегишли илмий мақола bioRxiv’да эълон қилинган, деб хабар беради «Korrespondent.net».

Фото: Pixabay

Олимларнинг аниқлашича, инсон тилида жойлашган таъм билиш рецепторлари ангиотензинни ўзгартирувчи 2 (ACE2) ферментига эга. Ушбу фрагмент орқали SARS-CoV-2 вируси организм ҳужайрасига тушади. Шу орқали коронавирус инфекцияси юққан инсонларда таъмни билиш ҳисси йўқолади.

Тадқиқотга Жозефин Иган бошчилик қилган бўлиб, у ўз жамоаси ёрдамида инсоннинг минглаб таъм билиш рецепторларини ўрганган.

Қайд этилишича, тил асосидаги урчуқсимон ва унинг орқа қисмидаги қўзиқоринсимон II тип рецептор ҳужайралари таркибида ACE2 ферменти мавжуд бўлиб, у вирусларнинг кириш нуқтаси ҳисобланади.

Тажрибада таъм билиш ҳиссидан шикоят қилган коронавирусга чалинган 45 ёшли аёл ва 63 ёшли эркак иштирок этган. Уларда тил ўлчамининг катталашиши, унинг асосларини қизариши ва уларнинг таъм билиш куртаклари илдиз ҳужайраси қатлами ўзгаргани аниқланган.

Аввалроқ британиялик олимлар секин юрадиган одамларда COVID-19’дан ўлиш хавфи тўрт баравар юқорилигини маълум қилгани, коронавирусга чалинган эркаклар аёлларга қараганда кўпроқ вафот этаётгани тўғрисида хабар берилганди.