Хонанда Жасур Умировга нисбатан номусга тегиш иши бўйича дастлаб жиноий иш қўзғатишни рад этган Каттақўрғон ИИБ Тергов бўлими терговчисининг ҳаракатига баҳо берилди, деб хабар қилади вилояти прокуратураси.
2021 йил 2 февраль жиноят ишлари бўйича Каттақўрғон шаҳар судида Жасур Умиров ва унинг икки шеригига нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни ниҳоясига етди ва суд ҳукми эълон қилинди. Ҳукмга кўра, Жасур Умиров Жиноят кодексининг 118-моддаси (номусга тегиш) 1-қисми билан айбли деб топилиб, унга 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Унинг икки шериги эса 1,5 йилга озодликдан маҳрум қилинган.
Жиноят иши томонларнинг шикояти асосида Самарқанд вилоят суди томонидан аппеляция тартибида кўриб чиқилиб, ҳукм кучида қолдирилган.
Вояга етмаган қизнинг номусига тегилгани ҳолати бўйича терговга қадар текширув ўтказган Каттақўрғон туман ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими терговчисининг ҳаракатлари бўйича Каттақўрғон шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ўтказилган. Текширувлар натижасида терговчи далилларни соҳталаштирмагани, кўрсатмаларни ўзгача тарзда қайд этмагани, терговга қадар текширув ҳаракатларида иштирокчиларнинг кўрсамаларини ўзларининг сўзларидан ёзиб олгани аниқланган.
Шу сабабли унга нисбатан Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддаси 2-бандига асосан жиноят иши қўзғатишни рад этиш ҳақида қарор қабул қилинган.
Бироқ у ҳолат бўйича қонуний қарор қабул қилиш учун далилларни тўплаш, текшириш ва баҳолашда камчиликларга йўл қўйгани сабаб унга нисбатан вилоят ИИБ бошлиғининг буйруғи билан ҳайфсан интизомий жазоси қўлланилган. Шунингдек, мазкур ҳолатда идоравий назоратни етарли даражада таминламаган Каттақўрғон туман ИИБ Тергов бўлими бошлиғига ҳайфсан, туман ИИБ бошлиғига танбеҳ интизомий жазоси қўлланилган. Вилоят ИИБ Тергов бўлими бошлиғининг ўринбосари эса лавозимдан озод қилинган.
Изоҳ (0)