Флорида штатининг Мирамар шаҳрида соатига 160 километр тезликда ҳаракатланган Tesla Модель S бир нечта дарахт, автотураргоҳдаги иккита автомобиль ва йўл четидаги уйлардан бирига бориб урилди, деб хабар беради Motor.

Фото: Local 10

Маълумотларга кўра, кўнгилсиз ҳодиса Мирамар шаҳридаги 65-авенюда тонгги соат 04:00 да содир бўлган. Қора Tesla Модель S шу қадар тез ҳаракатланганидан домофон видеокамерасидаги тасвир чақноқ каби кўринган — маҳаллий полициянинг таъкидлашича, авария вақтида электрокар соатига 160 километр тезликда ҳаракатланган.

Машина уйга бориб урилгунига қадар йўлда бир нечта дарахт ва автотураргоҳдаги автомобилларга шикаст етказган, Mazda 3’ни том маънода пачақлаб кетиб, ортида RAM пикапига ҳам урилган. Япон седани қайта тикланишга яроқсиз ҳолга келиб қолган, пикапнинг эса бироз омади келган.

Уйга қаттиқ зарар етганидан у ерда яшайдиганлар ҳозирда ичкарига киритилмаяпти — махсус экспертлар комиссияси бинони текшириб, тегишли хулоса бериши зарур. Қизиқ жиҳати, электромобиль ҳайдовчиси омон қолган ва у шифохонага етазилган — ҳушсиз ҳолатда. Йўл-транспорт ҳодисасига айнан нима сабаб бўлгани ҳозирча номаълум.

Аввалроқ Шимолий Каролина штатида автопилотда ҳаракатланаётган Tesla Модель S иккита полиция автомобили билан тўқнашув содир этгани, шунингдек, Tesla Модель 3’нинг рули ҳаракат вақтида узилиб тушгани, Хитойда Tesla автопилоти соатига 127 километр тезликда ҳаракатланиб, ЙТҲга учрагани тўғрисида хабар берилганди.