Ўзбекистон молия вазирининг ўринбосари Одилбек Исоқов ва Япониянинг Ўзбекистондаги элчиси 16 апрель куни Ёшинори Фужияма ривожланиш сиёсатини қўллаб-қувватлаш дастурини амалга ошириш учун 195 млн долларлик келишув ноталарини имзолади. Бу ҳақда Япония элчихонасига таяниб, «Gazeta.uz» хабар берди.
Ўзбекистон ҳукуматини молиявий қўллаб-қувватлашга йўналтирилган кредит мамлакатнинг электр энергияси соҳасидаги сиёсий муаммоларни ҳал қилиш ва ижтимоий-иқтисодий тикланиш ҳамда барқарорлашувига ҳисса қўшишга қаратилган. Ушбу кредит Япония томонидан АҚШ долларида Ўзбекистонга тақдим этилган биринчи кредит бўлди.
«Ўзбекистонда иқтисодий ўсиш билан бир қаторда электр энергиясига бўлган талаб тобора ортиб бормоқда, шу муносабат билан мамлакатда электр энергиясини бошқариш, аниқ статистик маълумотлар, халқаро бухгалтерия ҳисоби стандартларига асосланган молиявий менежмент ва электр станцияларини эксплуатация қилиш, шунингдек, техник хизмат кўрсатишни кучайтириш каби вазифалар муҳим бўлиб турибди», — дея таъкидланди элчихонада.
Кредит 25 йилга, Либор (олти ой) ставкаси бўйича 7 йиллик имтиёзли давр билан йиллик 1,1 фоиз миқдорида ажратилди.
Бундан аввал Япония Ўзбекистонга 136,5 млн доллар миқдорида фавқулодда кредит ажратгани, Ўзбекистонда газ узатиш тизимини модернизация қилиш учун 618 млн долларгача кредит жалб этилиши мумкинлиги ҳамда Жаҳон банки Ўзбекистондаги ислоҳотларни қўллаб-қувватлашга 500 млн доллар ажратилгани ҳақида хабар берилганди.
Изоҳ (0)