Тошкент метросининг «Юнусобод» бекати. Метродан ташқарига чиқар экансиз, Тошкентнинг бошқа жойларидан ҳеч фарқ қилмайдигандек. Станцияда ҳам, ташқарида ҳам бу ерда гўё ҳеч воқеа бўлмагандек...

Тошкентдаги «Юнусобод» метро бекати. 2019 йил 18 декабрь куни тупроқ ўпирилиши ҳодисаси шу ерда юз берган.

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Ушбу бекат қурилишида, 2019 йил 18 декабрь куни юз берган фожиа ортидан олти ишчи ҳалок бўлганди. Ҳодиса юзасидан ўша куниёқ жиноят иши қўзғатилган (иш очилган моддалар бўйича айбдорларга кўзда тутилган энг оғир жазо беш йилгача озодликдан маҳрум этиш эди), бироқ орадан уч ой ўтиб, 2020 йил 18 мартида пойтахт прокуратураси «зарар тўлиқ қоплангани», «айбдорларга ижобий тавсифнома берилгани» ва «марҳумларнинг оила аъзоларидан эътирозлар йўқлиги» (ваҳоланки, бу вақтда компенсация пуллари ҳали тўлиқ берилмаган бўлган) учун айбдорлик масаласини кўрмай ишни ёпган.

Бекат очилди, олти кишининг ўлими учун расман масъул деб топилганлар ва ҳақиқий айбдорлар озодликда, оиласи даврасида хурсанд юрибди эҳтимол, бироқ вафот этган олти кишининг оилалари тақдири, юмшоқ қилиб айтганда, ўзгариб кетди. Барчасиники бўлмаса ҳам, аксариятиники.

Қора кийинган аёл

Чиқиндилар ичидан бўшаган елим идишларни топиб, тўплайдиган Фароғат опа фожиа жойига — ҳозир бу жойлар чиройли, сайилгоҳ дейсан — келиб туради. Боласини соғиниб кетганида. Тошкентнинг бошқа бир чеккасидан атайлаб келади. Кейин йиғлаб-йиғлаб қайтади.

Фароғат Туробова.

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Фароғат Туробова 47 ёшда. Метро қурилишидаги тупроқ кўчиши оқибатида унинг ўғли — Ихтиёр ҳам ҳалок бўлган. Аёл воқеадан икки кун аввал ўғлининг олдига, иш жойига борганлигини эслайди. «Ўша ерда, ‘Мегаполис’нинг рўпарасида, йўлнинг нариги бетидаги жойда тупроқ босган боламни», — дейди у.

— Катта-катта бинолар ёнидан ўтиб, бироз кўча айландик. Ўша куни уни охирги марта кўраётган эканман, — дейди Фароғат опа. — Ички кийимлар билан бритва олиб беринг, пайпоқ олиб беринг, бир ювиниб олиб кияй, деди. Эртасига қўнғироқ қилиб, сомса егиси келаётганини айтди. 18 декабрда туриб нонуштага сомса тайёрлар эканман, соат 9 ларга етказай дердим. Лекин ишим ҳеч унмасди, соат 10 дан ҳам ўтиб кетди.

Ихтиёр Раҳматов.

Фото: «Дарё»

Айтишича, ҳали пишиб улгурмаган сомсалари қолиб кетган — қўнғироқ бўлган: «Ихтиёрнинг оёғини тупроқ босибди». Онани авайлашган. Фароғат опа шошилганча Юнусобод томон йўлга чиққан — у ўтирган таксининг радиосидан бу вақтда метро қурилишидаги фожиа ҳақида хабар узатиларди.

«Чинқириб додлар эдим, афтидан, ҳайдовчига ҳам халал берардим. Қани энди манзилга ета қолсак!», — дейди Фароғат опа. «Ёмғирли кун эди», — чуқур уҳ тортади у. Шундан бери у ёмғирни ёмон кўриб қолган. Ҳодиса жойига етиб келганида: «Боламни кўрмадим, фақат шу чуқурларни кўрдим. Одамлар у ёқдан бу ёққа югурарди».

Ихтиёр онасига меҳрибон фарзанд эди. Она фарзандлари билан ўз уйлари бўлишини орзу қилган. «Фақат мен ишласам, уй-жой олиб берсам бўлди, дерди. Телевизорда яхши уйларни кўрса, мен шундай уй қилиб бераман, дерди... Агар у ҳаёт бўлганида, мен кўчаларда баклажка териб юрмасдим», — дейди аёл.

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

«Ҳар куни чиқиндихонадан ярим халтадан нон ажратиб оламан, менинг болам эса нон топаман деб ўлиб кетди», — деб йиғлайверади Фароғат опа. У Ихтиёрнинг вафотидан кейин кўпроқ қора кийинадиган бўлди — ишда ҳам қора халат, қора рўмол.

Фароғат опанинг бошқа икки ўғли уйланиб, ўзи билан ўзи бўлиб кетган. У икки қизи билан Самарқанддан келиб, шу ерда, Тошкентда ризқини топяпти. Она ўғли Ихтиёр ҳаётлигида ҳам ишларди. Лекин ҳозиргидек тонгги 5 дан кеч соат 10 гача эмас.

Айтишича, елим идиш ортидан топадигани ҳафтасига 180 мингдан 250 минг сўмгача, килосини ундан 2,4 минг сўмдан олиб қолишади. Бундан ташқари, чиқинди қутиларидан ажратиб олган пўчоқни ҳам сотади. «Ойига 200 минг сўм беришади», — дейди аёл.

Фароғат опанинг айтишича, Ихтиёрнинг жанозаси куни 100 миллион сўм берилган. Бу пул маъракаларга сарфланган; қарзлари бўлган — ўшаларни ҳам тўлашган. 2020 йил сентябрида пластик картасига яна 161 миллион сўм тушган. Бу пулга аёл Самарқанд туманидан, отасига яқинроқ жойдан чала қурилган участка олган.

Фото: «Дарё» / Фарҳод Норбўтаев

Айтишича, «ҳали дарвоза қўйилмаган, свет йўқ, ҳожатхона, ҳаммоми ҳам йўқ». Аёлнинг таъкидлашича, бошқа марҳумларнинг яқинлари унга қўнғироқ қилган ва яна 100 миллион сўм пул олиши кераклигини тушунтирган.

«Мен болам ўлсин, уй олайин демаганман, — дейди Фароғат опа. — Биз томонларда ‘боласининг ўлигини сотиб уйли бўлди’, деган гаплар ҳам бўлди. Ўзимни осмоқчи ҳам бўлдим. Шунинг учун ёзув-чизув қилмайман. Лекин ўша 100 миллон сўм қонуний бўлса ва беришса, оламан».

Қоронғи чўкаётганда чиқиндихонадаги ишини тугатади, чиқиндихона ҳудудидаги тор ва ноқулай, на ҳаммоми ва на ошхонаси бўлган иккига уч метр ҳажмдаги муваққат уйчаси эшигини маҳкам ёпади. Аробачасини судраганча, энди Тошкент кўчалари бўйлаб елим идиш теришда давом этади. Унга 7-8 ёшлар чамаси қизалоқ ҳам эргашади... Ёлғиз аёл ишлаши кераклигини таъкидлайди.

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

«Қишлоқда иш йўқ...»

Метродаги фожиаси Лобар Раҳмонованинг ҳаётини ҳам издан чиқариб юборди. Унинг эри Анвар Диёров Юнусободдаги тупроқ ўпирилишининг тўртинчи қурбони сифатида қайд этилган.

Қашқадарёнинг Яккабоғидан бўлган бу ёш оила бор-йўғи саккиз йил бирга яшади. Энди уч фарзандни оёққа қўйиш Лобарнинг зиммасига қолди. Ана шу масъулият уни Тошкентга бошлади. «Қишлоқда иш йўқ, нафақа ҳам берилмай қўйди», — дейди у.

Маълум бўлишича, боқувчисини йўқотгани учун берилиши лозим нафақа январь ойидан буён берилмаган. Аёл Тошкентдаги тикув цехида топадиган 900 минг сўм маошини боғча тўлови ва рўзғор тебратишга амаллаб етказяпти.

Лобар Раҳмонова (архив сурати).

Фото: «Kun.uz»

«Эрталаб болаларни боғчага қўйиб, ишга бораман. Иш кўп эмас — футболка ва трико тикамиз, шунинг учун маош ҳам ҳаминқадар, — дейди у. — Ишдан қайтиб болаларни оламан, кейин қозон-товоқ... Болалар инжиқ бўлиб кетаётгандек, назаримда. Барибир отасини қўмсайди-да».

Мактаб ёшидаги қизини қишлоқда қолдириб келган, лекин олиб келмоқчи. Қачон? Ўзи ҳам билмайди. Шароити яхшиланганда, эҳтимол.

Анвар Диёров дафн этилган кунда оилага 100 миллион сўм берилган. Сўнг, 2020 йил сентябрида яна 161 миллион сўм картага тушган. Бироқ Лобар боқувчисини йўқотгани учун берилган товон пули тўлиқ эмас, деб ҳисоблайди. Шу фикрда у қайнатаси ва қайнакаси билан бирга SBK Universal Construction Group компаниясига қарши фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро судига даъво аризаси киритган.

«Дастлаб берилган 100 миллион сўм ҳукумат комиссиясининг қарори асосида тўланиши лозим бўлган бир марталик — 261 миллион сўмлик товоннинг бир қисми, деб нотўғри талқин қилинган. Аслида дафн кунида берилган 100 миллион сўмнинг ҳукумат қарорида ёзилган маблағга дахли йўқ», — дейди даъвогар томон адвокати Аслиддин Маҳаммадиев.

Суднинг 2020 йил 27 ноябрдаги ҳал қилув қарори билан жавобгар SBK Universal Construction Group’дан даъвогар Лобар Раҳмонованинг уч нафар фарзандидан ҳар бирига 16 ёшга тўлгунга қадар ҳар ойда 727 минг сўмдан компенсация, 100 миллион сўм бир марталик компенсация ва етказилган маънавий зарар учун 300 миллион сўм компенсация ундириш белгиланган.

Анвар Диёровнинг отаси Нормурод аканинг айтишича, ўғлининг ўлимидан сўнг ўтган суддан сўнг хонадонга яна 100 миллион сўм — фожиа кунидан бери жами 361 миллион сўм тўлаб берилган. Лобархоннинг қўшимча қилишича, маросимлар ва болаларнинг эгни-боши, бир йиллик еб-ичишларидан ортган пулга қайнакасининг оиласи билан бирга Тошкентдан камтарона уй олишган, ҳозир ҳаммалари ўша уйда яшаяпти.

Бошқа марҳумларнинг яқинлари олмаган (ё ололмаган) қўшимча 100 миллион сўмни Диёровлар олгани суд қарори силлиққина ижро этилганини англатадими? Унга ойлик нафақалар тўлови нега тўхтатилган?

Суд давом этади

Адвокатнинг айтишича, қарор 2020 йил 17 декабрда қонуний кучга кирган бўлса-да, жавобгар томон январда ҳам ижрони ихтиёрий равишда амалга оширмагач, мажбурий ундириш чораларини кўришга тўғри келган. Шу асосда корхона банк ҳисоб рақамлари ва мол-мулкларига тақиқ қўйилган. Шундан сўнг марҳум Анвар Диёровнинг оила аъзоларига 100 миллион сўм пул ўтказилган.

Анвар Диёров.

Фото: «Дарё»

«Шундан кейин SBK Universal Construction Group негадир ‘даъво бўйича ҳал қилувчи қарорини олмадим’, деган важ билан февраль ойида судга мурожаат қилди. Ҳолбуки, даъво муддати бўйича 20 кун ичида аппеляция бериши керак эди», — дейди адвокат Маҳаммедов. Маълум бўлишича, жавобгар томон кассация тартибида шикоят беришга қонуний ҳақи қолмагани боис, аппеляция шикоятининг муддатини тиклаш ҳақида фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро судига ариза берган.

Адвокатнинг айтишича, у компаниянинг ўша аризаси ҳақида эшитгач, уч марта судга борган, котибга, девонхонага учраган. Лекин суд қачон бўлиши ҳақида ҳеч ким маълумот бермаган.

«Суд иккинчи томонга хабар бермай, ишни бир томонлама кўриб, компаниянинг аризасини қаноатлантирган ва ижро муддатини тиклаб берган, аппеляция шикоятини шаҳар судига юбориш ҳақида ажрим чиқарган. Агар ижро муддати тиклаб берилмаганида эди, ҳозирда суд қарорининг ижроси тўхтамаган бўларди», — дейди адвокат. Соддароқ қилиб айтганда, агар шу ажрим бўлмаганида эди, Лобархон боқувчисини йўқотганлик ҳақидаги болалари учун бериладиган нафақаларни вақтида олаётган бўларди.

Шундан сўнг адвокат Аслиддин Маҳаммедов Тошкент шаҳар судига даъво муддатини тиклаш ҳақидаги аризани бекор қилиш ҳақида хусусий шикоят берган. Аммо адвокатнинг бу аризаси қаноатлантирилмаган. Суд ижро муддатини тиклаб, ишни кўриш ҳақида қўшимча ажрим чиқарган.

SBK Universal Construction Group’нинг аппеляция шикояти кўрилгани йўқ — 5 мартда «ҳали расмийлаштирилмаган» деб, 26 мартда «туман судига юборилган» деб жараён қолдирилган. Энди аппеляция шикояти асосидаги суд мажлиси 20 апрель куни соат 10:00 да фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида бўлиб ўтиши кутилмоқда.

«Судда ютишга қанчалик асосингиз бор?», — дея сўраймиз адвокатдан.

«SBK Universal Construction Group аввалги инстанцияларда ҳам таъкидлаб келган гапи — жаноза куни берилган 100 миллион сўм махсус комиссия қароридаги 261 миллион сўмнинг ҳисобидан эмиш. Ваҳоланки, дафн маросимлари 2019 йил 19 декабрда бўлган. Махсус комиссия 24 январда ташкил этилган ва 31 январда ҳар бир жабрдийданинг хонадонига 261 миллион сўмдан бир марталик товон пули тўлаш ҳақида далолатномани чиқарган», — дея таъкидлайди адвокат Маҳаммадиев.

Адвокат «Дарё» мухбири билан суҳбатда барча молиявий операциялар юридик шахс сифатида SBK Universal Construction Group’нинг ҳисоб рақамидан чиқиши кераклигини, корхона бу борада дастлаб (жаноза куни) берилган 100 миллион сўм айнан уларнинг ҳисобидан чиққанини тасдиқловчи бирор ҳужжатни тақдим эта олмаганига эътиборни қаратди.

Вазият юзасидан Бандлик ва меҳнат муносабат муносабатлари вазирлиги «Дарё» сўровига мужмал жавоб берди. Унда таъкидланишича, «261 миллион сўм зарар тўловлари суммасини олувчига етказиб бериш етказилган зарар учун жавобгар бўлган иш берувчи ҳисобидан амалга оширилган. Биринчи тўланган 100 миллион сўм ва кейинги тўланган 161 миллион сўм иш берувчи ҳисобидан тўлаб берилган» (ваҳолангки, гап бу ерда асосий гап пуллар ким томонидан тўланганида эмас, балки қанча тўланиши кераклиги ҳақида эди).

Фожиа кетидан машмаша: компенсациянинг қанчаси кимга?

Шаҳрисабзнинг Бешкапа қишлоғидаги яна бир мотамсаро хонадон. Шу ерда яшаган 30 ёшли Жонибек Равшановнинг жасади тупроқ остидан биринчи олиб чиқилганди. Унинг ўлими ортидан келган дард қолган беш хонадондаги каби, аммо муаммо бошқача.

Жонибек Равшанов.

Фото: «Дарё»

Агар Жонибек ҳаёт бўлганида эди, унинг хонадонида ва ундан чиқиб қуда томонида, маҳалла идораси-ю ҳокимликкача чўзилган узундан узун машмашалар бўлмасди, келин ҳам етим қолган гўдагини бағрига босиб, ота уйига кетиб қолмасди.

Агар Жонибек ҳаёт бўлганида эди, келиннинг келажагини белгилашга қайнаканинг ҳадди сиғмасди. Онаизор марҳум ўғлидан қолган ёлғиз ёдгор — қиз-неварасини йил бўйи кўрмай, армон қилмасди. Келин эса отаси, акалари олдида ўзини юк деб билмас, аслида берилиши керак бўлган, аммо қўлига етиб келмаётган нафақаларни деб сарғаймасди.

«Бевақт жудолик оиланинг ҳар бир аъзосига кучли зарба бўлди», деб сўз бошлайди марҳумнинг беваси Дилобар Баҳромова. Лекин кўп ўтмай тушунмовчиликлар бошланган. Бунга берилган товон пули сабаб бўлди, деб ҳисоблайди Дилобар. Айтишича, майит ерга қўйилганининг бешинчи куни у келинлик уйидан чиқиб кетишга мажбур бўлган. «Уйдан уриб чиқариб юбордилар», дейди у.

Дилобар Баҳромова қизи Ферузахон билан бирга отасининг уйида яшаб келмоқда.

Фото: «Дарё»

«Хўжайинимнинг қирқлари ўтди ҳамки, бормадик, — деб эслайди Дилобар. — Март ойига келиб, менга ‘Нурафшон’ маҳалласидан телефон қилишди, ‘келин, келасизми, гап бор’, деб чақиришди. Борсак, эримнинг акаси ҳам келди. 160 миллион ўтказилишини айтишди, у киши менга: ‘30 миллион бераман, шу пул етимингни боқиб олишга етади’, деб айтди».

Шундан кейин аёлдан тегишли ҳужжатлар сўрашган. Лекин Дилобар ҳужжатдан қайси мақсадда фойдаланишларини билмагани учун бермаган. Ёзга келиб, маҳалла ходимлари Дилобардан: «Булар компенсацияни олмади, сен олдингми», деб сўраган.

«Ҳокимиятдагилар ҳам сўради. Йўқ, олганим йўқ, деб қўйдим. Компенсация пули 261 миллион чиққан , бундан ташқари фарзандим Ферузахонга 500 мингдан ажратилди (аслида 519 минг сўм — «Дарё»). Лекин бу пулларни қайнанам олган-олмаганликларини билмайман», — дейди ёлғиз она.

Аёлнинг айтишича, у боқувчисини йўқотгани учун ойма-ой бериладиган нафақани ҳам бирор марта олмаган. «Бир йилдан ортиқроқ вақтдан буён болам билан отамнинг уйидаман», — дейди у.

Дилобар Баҳромованинг қайнонаси, марҳум Жонибек Равшановнинг онаси Рисолат Бобомуродова фарзандининг ўлими учун берилиши лозим бўлган компенсация пуллари ва нафақа пуллари тўланганини инкор қилмади.

Рисолат Бобомуродова.

Фото: «Дарё»

«Пуллар бизга тўлаб берилмади десам, ёлғон гапирган бўламан. Пулларни олган бўлишимиз керак. Нафақа пуллари эса, менинг номимга очилган пластик картага тушаётгандир, қизиқиб кўрмадим», — дейди Рисолат Бобомуродова (тушунтиришларича, ая пластик картани ишлатишни билмагани учун карта катта ўғилда тураркан).

Англашилишича, марҳум Жонибек Равшановнинг ўлимидан сўнг унинг яқинларига 261 миллион сўм иккига бўлиб — дастлаб 100 миллион (дафн куни) сўм, кейинроқ 161 миллион сўм тўлаб берилган. Биринчи 100 миллионнинг 90 миллиони марҳумнинг бевасига теккан бўлса, қолган 10 миллион сўм ва кейин тўланган 161 миллион сўмни марҳумнинг ота-онаси олган.

Шунингдек, марҳумнинг фарзанди ва аёлига тўланиши лозим бўлган нафақа пуллари ҳам Рисолат Бобомуродова номига очилган пластик картага тушириб берилмоқда. Марҳумнинг беваси мазкур ҳолатдан норози. Биз, албатта, оилавий муносабатларга аралашгимиз йўқ.

Лекин масаланинг қонуний жиҳати бор. Қолаверса, буёғи оддий арифметика — 261 сони тўртга бўлинади: икки ҳиссаси марҳумнинг ота-онасига ва қолган икки ҳиссаси беваси ва қизига. Ойлик нафақада ҳам шу ўлчов. Дилобар қизи Ферузахон 3 ёшга тўлгунга қадар ўзи учун 519 минг сўмдан, қизи учун эса у 16 ёшгача яна 519 минг сўмдан олиши керак (дарвоқе, ўтган бир йил давомида нафақа фоизлари ҳам ўсди).

Юқорида тилга олинган суд жараёни Диёровлар фойдаси билан якун топса, SBK Universal Construction Group’да ишлаб, вафот этган йигитларнинг бари учун уларнинг оилалари товон пулининг қолганини ҳам олиши учун йўл очиларди. Шунда кемтик ҳаётини олий таълим даргоҳига кириб, тўлдиришга ҳаракат қилаётган Дилобарнинг орзуси ушалиши осон бўларди.

«Ишламасам бўлмайди...»

Тупроқ остида қолиб ҳалок бўлганлардан фақат пастдарғомлик Зариф Каримов «Ўзбекистон темир йўллари» ходими эди, Жума станциясида ишларди. Шу боис унинг учун товон пулини ўз корхонаси тўлаган. Оилага дастлабки 100 миллиондан ташқари, яна 281 миллион сўм товон сифатида тўланган.

Зариф Каримов.

Фото: «Дарё»

Боқувчисини йўқотгани учун ҳар бир фарзанди ва рафиқасига 650,6 минг сўмдан нафақа ойма-ой бериляпти. Бу борада оилада эътироз йўқ. Аммо Зарифжоннинг бевақт вафоти ортидан хонадонда фақат айрилиқ оғриғи эмас, балки реал муаммолар ҳам юзага келганини уларнинг сўзларидан илғаш қийин эмас.

Марҳумнинг беваси Майсара Ирисова тиббий ҳамшира маълумотига эга. Аёлнинг айтишича, оилада олти жон, қайнонаси касал, у ҳам улар бирга. «Энди оиланинг эркаги ҳам, аёли ҳам ўзимман», — дейди Майсарахон. Кенжаси яқинда уч ёшга тўлади, шу билан ўзи учун ажратилган нафақа тўхтатилишини таъкидлайди у.

«Қизларим репититорга боряпти, дадалари уларнинг олий таълим олишини шунчалар истардики... Бири компьютер дейди, бошқасига дори керак. Ўзи кенжамга Жумадаги тиббиёт коллежидан декретга чиққанман. Кейин ўз ҳисобимдан таътилга чиққандим. Йўқ, сиз ишдан кетгансиз, дейишди», — дейди у.

Майсара Ирисова уч қизи ва бир ўғлига энди ҳам она, ҳам ота.

Фото: «Дарё» / Фарҳод Норбўтаев

Коллеж директори, агар бўш иш ўрни пайдо бўлса, уни чақиришларини айтган. Лекин айнан унинг мурожаатидан сўнг бошқа бир киши ишга олинган. Майсара иш масаласида ҳокимликка ҳам борган.

«Соат 6 дан, қоронғида бордим, навбатда туриш учун, — дейди аёл. — Ишламасам бўлмайди, дедим. Йўқ, иш йўқ дейди. Кеча ҳам ҳокимликдан йиғлаб чиқдим. Исм-фамилиясини билмайман, шу ҳоким ўринбосари. 1174 номер, яъни навбат ёзиб қўйилибди-ку, дейди. Бунақа иш йўқ, биламан. Қачон бўлишини ўзлари ҳам билмайди».

«Дарё» мухбирининг сафаридан бироз вақт ўтиб, 16 март куни Майсара Ирисова таҳририят билан боғланди. Аёлнинг айтишича, Пастдарғом туман ҳокимлиги уни туман тиббиёт бирлашмаси (халқ тилида туман шифохонаси)га жўнатган. Кадрлар бўлими вакили унга икки ойда иш билан таъминланишини айтган. Аёл бу ваъдага ишонмаяпти. «Шифохонада ‘даъвойим йўқ’, деб тилхат ҳам ёздириб олишди», — дейди у.

Амакиваччалар хонадонида нима гап?

20 ёшли Давронбек 2019 йил 28 ноябрь куни Россиядан қайтиб, 11 декабрь куни Тошкентга, метро қурилишига ишга кетган эди. Орадан бир ҳафта ўтар-ўтмас, у тупроқ остида қолиб, ҳалок бўлган.

Давронбек Абдуллаев (чапда) ва Ойбек Абдуллаев.

Фото: «Дарё»

«Давронжонимнинг Россияда ишлаб келган пулига уйимизга ‘потолок’ қоққан бўлсак, унинг ўлими учун тўлаб берилган пулга ҳовлимиз учун янги дарвоза олдик, — дейди марҳумнинг онаси Сабоҳат Жамолова. — У дарвозани янгилаш учун ишга борганди ўзи... Кам-у кўстимизни тўлдирдик. Уйимизни таъмирлатдик. Давронжонимдан эсдалик деб акасига янги машина харид қилдик. Аммо, армоним шуки, булар Давронжонимнинг ўлими билан келди. Ҳеч қайсиси Давронжонимсиз татимаяпти».

«Юнусобод фожиаси»да ҳалок бўлган Давронбек Абдуллаевнинг онаси Сабоҳат Жамолова ҳовлига ўрнатилган янги дарвоза олдида.

Фото: «Дарё»

Сабоҳат аянинг айтишича, оилага дафн маросими куни 100 миллион сўм, 2020 йил сентябрида эса яна 161 миллион сўм — жами 261 миллион тўлаб берилган. Шунингдек, 2020 йилда ҳар ой тўланиши лозим бўлган нафақа пулларини тўлиқ олган, аммо 2021 йил ҳисобидан нафақа пуллари ҳали тўлангани йўқ.

«Нафақа пулларини ўтган йили иккига бўлиб тўлаб беришганди. 2021 йилда ҳам шу тартибда тўлашса керак», — дея тахмин қилади Сабоҳат опа.

Бешкапалик Давронжон билан унинг ўзидан 10 ёш катта амакиваччаси ҳам Юнусободда ҳалок бўлганди. Аслида у 2019 йил 13 декабрь куни, фожиадан беш кун аввал уйга қайтмоқчи бўлган, бироқ «ойлигини ололмагани», «иш 28 декабргача давом этадиган» бўлиб қолгани учун қайтолмаган.

Ҳаловат Шукурова.

Фото: «Дарё»

Унинг хонадонидаги вазият ҳам қариндошиникидек — онаси Ҳаловат Шукурованинг айтишича, дастлаб 100 миллион, кейинроқ 161 миллион сўм ўтказиб берилган. Боқувчисини йўқотганлик учун бериладиган нафақа 2020 йил учун тўлиқ берилган, бироқ 2021 йилги нафақалар ҳали тўланмаган.

Хулоса ўрнида

Фожиа юз берган кунлари жамоатчилик вакиллари, ижтимоий тармоқларнинг фаоллари қурбонлар хотирасини абадийлаштириш, масалан, янги қурилаётган бекатга «Қурувчилар» номини беришни бир эмас, бир неча бор таклиф қилди. Бекатни қурган «Ўзбекистон темир йўллари» компанияси матбуот хизмати ном бериш халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгаши ваколатида эканини таъкидлади.

Номи берилмаса ҳам, шу иншоотни қуриш вақтида юз берган фожиани эслатувчи пешлавҳа ўрнатилса ҳам майли эди. «Воқеа жойига яқинроқ ерда лоақал бир тахтада хотира ёдгорлиги ўрнатиш эса ҳеч кимнинг хаёлига ҳам келмайди», — дея бу фикрларни қувватлайди станция яқинида ишловчи Саодатхон Аҳророва. Бунинг учун депутатлардан розилик олиш шарт эмасдир, оддийгина эътибор кифоя, эҳтимол.

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Тошкент метросининг «Юнусобод» бекати. Метродан ташқарига чиқар экансиз, бу ерлар пойтахтнинг бошқа жойларидан ҳеч фарқ қилмайдигандек. Станцияда ҳам, ташқарида ҳам бу ерда гўё ҳеч воқеа бўлмагандек... афсуски, бу ерда олти киши ҳалок бўлган. Уларнинг ўлими учун бирор шахс айбдор деб топилмаган.

Отабек Қўлдошев (Қашқадарё), Фарҳод Норбўтаев (Самарқанд), Мустаҳкам Тангриёрова (Тошкент) суҳбатлашди, Мустаҳкам Тангриёрова нашрга тайёрлади.