Ўзбекистонда аҳолини коронавирусга қарши эмлаш тадбирлари 2021 йил 1 апрелдан бошланади. Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Нурмат Отабеков ушбу эмлаш тадбирлари қайси ҳудудлардан бошланишига аниқлик киритди.
«Эмлаш тадбирлари апрель ойида вилоятлар марказлари ва катта шаҳарларда бошланади, май ойида эса туман марказлари ва кичик шаҳарларда амалга оширилади. Июнь ойида эса бошқа аҳоли қатлами эмланади» — деган у 29 март куни АОКАда бўлиб ўтган брифингда.
Нурмат Отабеков эмлаш жараёни нега айнан бундай кетма-кетлик билан белгиланганига ҳам изоҳ бериб ўтган. «Коронавирус янги касаллик бўлгани, унга қарши ишлатиладиган вакцина ҳам янги ҳисобланганлиги учун нуфузи юқори бўлган даволаш-профилактика муассасалари борлигидан келиб чиқиб, уларнинг иштирокига эҳтиёж бўладиган бўлса, бу муассасаларнинг яқинлигидан келиб чиқиб, айнан мана шу кетма-кетлик белгиланган», — деган у.
Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати раҳбари ўринбосарининг маълум қилишича, Ўзбекистонда бугунги кунда 1 миллион 660 минг доза вакцина бор. Уларнинг 660 минг дозаси COVAX жамғармаси томонидан олиб келинган AstraZeneca вакцинаси, 1 миллион дозаси Ўзбекистон–Хитой ҳамкорлигида ишлаб чиқилган ZF-UZ-VAC 2001 вакцинаси.
Аҳолини ушбу вакциналар билан эмлаш бир пайтнинг ўзида амалга оширилади. Бунда эмланувчи биринчи эмланишни қайси вакцина билан бошласа, иккинчисини ҳам айнан ўша вакцина билан якунлайди. AstraZeneca вакцинаси билан 2 маротаба, ZF-UZ-VAC2001 вакцинаси билан 3 маротаба эмлаш кўзда тутилмоқда. Яъни, вакцинация икки хил вакцинада икки хил амалга оширилади.
Нурмат Отабековнинг ўзи исталган вакцина билан жон деб эмланишини маълум қилган.
Изоҳ (0)