Одатда жисмоний тарбия ўқитувчиси деганда кўз олдимизда забардаст, бақувват эркак киши  гавдаланади. Лекин бугунги суҳбатдошимиз чекка ҳудудда туғилиб, ўсганига қарамай, «аёл киши жисмоний тарбия ўқитувчиси бўлмайди» деган стереотипларни енгиб, устозлик касбини эгаллаган. Ҳамда қарийб 30 йил давомида шу соҳада фаолият юритган. Қаҳрамонимиз 70 ёшни қаршилаган бўлса-да, ҳозир ҳам мактабда болаларга жисмоний тарбия фанидан дарс бериб келмоқда.

Нурхон Мўминова Фарғона вилоятининг Марғилон шаҳрида туғилган. Фарғона давлат университетининг жисмоний тарбия факультетини тамомлаган. Ҳозир 70 ёшда.  Айни пайтда Тошкент шаҳридаги 89-умумтаълим мактабида жисмоний тарбия фанидан дарс бериб келмоқда. 

Фото: «Дарё»

Отам бошида бу йўналишни танлаганимдан хафа бўлган

Адашмасам, ўшанда 7-синфда ўқир эдим. Бир куни жисмоний тарбия дарсимизга тренерлар келиб, эпчил ўқувчиларни спорт мактабига танлаб олишган. Уларнинг сафида мен ҳам бор эдим. Спорт мактабида енгил атлетика спорт тури билан шуғулланганмиз. Кўплаб мусобақаларда қатнашганмиз. Шу билан ҳаётим жисмоний тарбия билан боғланган.

Мактабни битиргач, устозларим маслаҳатлари билан Фарғона давлат университетининг жисмоний тарбия факультетига ўқишга кирдим.

Бошида дадам мендан хафа бўлиб, «Вой, қизим, ҳозир жисмонийда ўқиб, ёшингиз катта бўлганда қандай ишлайсиз?», дегандилар. Мен эса «дадажон, майли ишлайвераман», дегандим. Энг қизиғи, мендан кейин икки укам ва синглим ҳам шу йўналишни танлаган.

Мана ҳозир ундан-да катта ёшдаман. 70 га кирсам ҳам, ишлаб юрибман.

Фото: «Дарё»

Ҳаётимда мактабнинг ўрни бошқа

Университетни битириб, мактабга борганимда жамоа мени жуда яхши қабул қилган. Шу сабаб кўп йиллар мактабда ишладим. Совет иттифоқи даврида шаҳар ва вилоят комсомол қўмитасида, партияда ва бир муддат Меҳрибонлик уйида ҳам фаолият юритдим.

Комсомол ташкилоти тугатилганидан сўнг, яна Марғилондаги 8-мактабга ишга бордим.

Биласизми, болалар билан ишлашни яхши кўраман. Ҳаётим ҳам шу болалар билан ўтган. Ўқув йилида мактабда, ёзда эса оромгоҳда тарбиячи бўлиб ишлардим. Куз келиб, яна мактабга ишга қайтардим. Ҳеч ҳам дам олмасдим. Мактабда узоқ йиллар ишлаб, пенсияга чиқдим.

Доим спорт билан шуғулланганим учун тетикман

Жисмоний тарбия дарсида 8, 9, 10, 11-синф ўқувчилари  икки гуруҳга бўлинади. Қизлар алоҳида. Агар хоҳласам, қизларга мен дарс ўтаман. 10-12 та қизга яйраб дарс ўтасиз. Қийинчилиги йўқ.

Болалар билан ишласангиз, болаларга ўхшаб қоласиз. Улар билан бирга машқ қиламан, шуғулланаман. Шунинг учун ҳам тетик юрсам керак.

Қайси йўналишда бўлмасин, агар фанингизни яхши билсангиз, болаларни яхши кўрсангиз ва шунга яраша уларга дарс бера олсангиз, ҳеч қандай қийинчилик сезмайсиз. 45 дақиқа қандай ўтди, билмай қоласиз.

Ҳозир бошланғичларга 1-синфидан бошлаб дарс ўтяпман. Болалар жисмоний тарбияни жуда яхши кўрадилар. Бир зумда «звонок» чалиндими, деб хафа бўлиб қоладилар.

Фото: «Дарё»

Ўқувчиларга жисмоний тарбия фани керакми?

Бу йил жуда хафа бўлдим. Шу пайтгача бошланғич синфларга жисмоний тарбиядан ҳафтада икки соат дарс қўйилган. Бу йилдан 1 соат бўлибди.

Ахир болаларнинг энг севимли фани бўлса, нега қисқартиришади? Ўзи жисмоний тарбияга оид ҳар йили Президентимизнинг фармонлари чиқаётган бўлса ... Ким бундай тавсия берган, ҳайронман.

Жисмоний тарбия ўқувчиларга жуда ҳам керак. Бу фан орқали ўқувчиларга сафланишни, гавдани тик тутишни, тўғри юришни ва барча жисмоний машқларни ўргатамиз. Болалар соғлом бўлиб улғайса, келажаги ҳам яхши бўлади.

Яқинда юқори ташкилотларга мурожаат билан чиқилган экан. Айтишларича, сентябрдан яна дарслар ҳафтасига икки соатдан қўйилар экан.

Фото: «Дарё»

Ўқувчини уришга ўқитувчининг ҳаққи йўқ

Авваллари болалар одобли бўлмаса-да, ҳеч қачон уларни урмаганмиз. Фақат насиҳат қилардик, холос.

Болаларнинг психологияси ҳар хил. Кўрибоқ, дарров тушунасиз. Ҳар бир болага алоҳида эътибор ва муомала қилиш лозим. Агар бола тўполончи бўлса, «кел, сен менга ёрдамчи бўласан, сен эса судья бўласан» дейман. Бола ўзгаради. Назаримда, ўқитувчилар озгина пастга тушиб, болага дўст бўлиб муомала қилиши керак. Агар шунда ҳам ўзгармайдиган бўлса, ота-онасини чақириб гаплашамиз.

Биласизми, айрим мактабда бўлаётган воқеаларни эшитиб, ҳайрон қоламан. Бизнинг пайтимизда телефон, компьютерлар йўқ эди. Ҳамма китоб ўқирди. Сумкамизда доим китоб олиб юрардик. Назаримда болалар банд бўлса, бундай кўнгилсиз ҳолатлар бўлмасди.

Фото: «Дарё»

67 ёшимда яна ишга кирдим

Уч йил олдин Тошкентга, ўғлимнинг уйига кўчиб келдим.

Бир куни бозордан қайтаётиб, бир мактабни кўриб қолдим. Айниқса, болаларнинг овозини эшитиб, кўнглим жиз этди. Шу мактабда ишлагим келди.

Август ойи эди. Мактабнинг олдида турган бир гуруҳ аёллардан «Қизлар, сизларга жисмоний тарбия ўқитувчиси керакми?», деб сўрадим. Улар директорга кириб гаплашиб кўринг, деб, раҳбар бандлигини, эртаси куни келишимни айтишди. Эртасига яна мактабга келиб, директорнинг олдига кирдим. Диплом билан меҳнат шартномасини кўрсатдим ва «Фақат мен пенсионерман, ишга олаверасизларми?», деб сўрадим. Директор «Нима қилибди, мен ҳам пенсионерман», деди ва бир оғиз сўзим билан мени ишга олди.

Агар ўшанда директор сизни ололмаймиз, деганда, мен қайтиб ҳеч қаерга иш сўраб бормасдим. Лекин менга ишонч билдириб, қабул қилишди. Уйга келиб, ўғлимга мактабга ишга кирганимни, яна ўқитувчилик қилмоқчилигимни айтдим. Бошида ўғлим қаршилик қилди. Келиним «Онангиз ишласин, бўлмаса, уйда касал бўлиб қолади», деганидан сўнг рози бўлди.

5 сентябрдан иш бошладим. Ҳозир бошланғич синфга жисмоний тарбиядан дарс беряпман.

Фото: «Дарё»

Мактабга ёш ўқитувчилар келмаяпти

Охирги пайтларда мактабга жисмоний тарбия бўйича ўқитувчилар келмаяпти. Жисмоний тарбия факультетини битириб, диплом олиб, шунча ёшлар қаёққа кетяпти, билмайман.

Марғилонда ҳам кўп йиллар ишладим. Ёш кадр келса, унга ўргатиб, кетаман дегандим. Лекин ҳеч ким келмаган. Мана, ҳозир бу ерда ҳам раҳбариятга агар ёш кадр келса, айтинглар, мен хафа бўлмайман, жойни бўшатаман, дейман. Лекин ҳали ҳам келмаяпти.

Бир нечта ёшлар билан гаплашдим. Йўқ, мактабда ишламайман, ундан кўра спорт мактабига бораман дейди. Чунки мактабда ўртача 30 та болага дарс берсангиз, спорт мактабида эса гуруҳда 8-10 нафар бола бўлади. Ойлиги ҳам баланд.

Пенсия билан бирга ойлик ҳам оляпман. Ойлигим қўлга тегиши 1,5 миллион сўм. Менга етади. Очиғи, мен бу ерда маблағ учун ишламайман. Лекин ёшлар кўпроқ ойлик олишни истайди. Президентимиз ўқитувчиларнинг ойлигини 1000 долларгача оширамиз деб ваъда бергандилар. Ёшлар ҳозир қачон ошаркан деб кутиб турибди.

Фото: «Дарё»

Агар ёш бўлганимда янада кўпроқ ишлардим

Агар аёл истаса, ҳаммасини эплайди. Карьерани ҳам, оилани ҳам.

Бир ўғил фарзандим бор. Турмуш ўртоғим 20 йил олдин вафот этган. Қайтиб оила қурмадим. Бор ҳаётимни ўғлимга бағишладим. Уни тарбияладим, ўқитдим. Ҳозир эса роҳатини кўриб яшаяпман. Оилам тинч, битта неварам бор.

Эрталаб туриб, ишга кетаман, яна кечга уйга қайтаман. Ҳаётимдан жуда мамнунман. Агар яна бироз ёш бўлганимда, бундан-да кўпроқ ишлардим.

Мактабни яхши кўраман. Кучим етганича умрим борича шу болалар билан ишлаш ниятидаман. Маҳалладагиларга агар ёрдам керак бўлса, айтинглар, сўранглар, дейман. Жамиятга керак бўлишни, одамларга ёрдам беришни истайман.

Хонзодабегим Аъзамова суҳбатлашди