Ижтимоий тармоқларда Қарши шаҳридаги 1-мактаб ўқувчисининг синфхонада сув солинган челакка ҳожатини чиқаргани акс этган видео тарқалди. Мазкур видеодаги ҳолатни ўрганган вилоят ИИБ ўқувчининг ота-онаси жаримага тортилганини маълум қилди.

Фото: Видеодан скриншот

Таъкидланишича, Қарши шаҳридаги 1-сонли ихтисослаштирилган умумий ўрта-таълим мактабининг юқори синф ўқувчиси мактабда белгиланган ички тартиб ҳамда одоб-ахлоқ қоидаларини бузган синфдошининг ножўя хатти-ҳаракатини телефонига тасвирга тушириб, ижтимоий тармоқларда тарқатган.

Мазкур ҳолат юзасидан Қарши шаҳар ИИО ФМБ томонидан вояга етмаган ўқувчиларнинг ота-оналарига Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-моддаси 1-қисми (ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан вояга етмаган болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик, шу жумладан, вояга етмаган болаларнинг маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этишига олиб келиши) билан уларга нисбатан маъмурий баённома тузилиб, тўпланган ҳужжатлар Қарши шаҳар ИИО ФМБ орқали вояга етмаганлар ишлари бўйича Қарши шаҳар идоралараро комиссияга тақдим этилган.

Қашқадарё вилоят ИИБ ахборот хизмати мазкур ҳужжатларни ўрганиб чиққан комиссия вояга етмаган ўқувчиларнинг ота-онасига маъмурий жазо қўллаб, жаримага тортилганини маълум қилган. Бироқ жарима миқдори ҳақида сўз очмаган.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга таянадиган бўлсак, 47-модданинг 1-қисми билан айбланган ҳуқуқбузарлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солиниши мумкин.

«Дарё» мухбирининг аниқлик киритишича, ҳуқуқбузарлик содир этган мактаб ўқувчисининг отаси Қашқадарё вилоят прокуратурасида масъул лавозимда фаолият юритади. Мазкур маълумотни тасдиқлаган вилоят халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Жавоҳир Рустамов прокуратурада фаолият юритувчи отанинг қанча миқдорда жаримага тортилганидан бехабарлигини билдирди.