Жиззах шаҳрида 2014 йилдан бери қўшмачилик фаолияти билан шуғулланиб келган 40 ёшли аёл қўлга олинди. Бу ҳақда «Ёшлар» телеканалида маълум қилинди.
Маълум қилинишича, аёл Жиззах шаҳрининг «Иттифоқ» маҳалласидаги уйида Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Андижон ва Фарғона вилоятларидан бўлган 8-10 нафар аёлни сақлаб, уларни тўй ва маросимларга раққосаликка юбориш, шунингдек, жинсий алоқа қилишлари учун шароит яратиб келган.
Ўтказилган тезкор тадбирда Қорақалпоғистонда яшовчи 38 ёшли ва Жиззах вилояти Шароф Рашидов туманида яшовчи 30 ёшли аёллар хизмат учун келишилган 500 минг сўмдан 150 минг сўмини олган вақтида далилий ашёлар билан ушланган.
Ҳозирда мазкур ҳолат бўйича Жиноят кодексининг 131-моддаси (қўшмачилик қилиш ёки фоҳишахона сақлаш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган бўлиб, тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Аввалроқ Навоийда бошпанасиз қизга ўз уйидан жой бериб, уни фоҳишаликка мажбурлаган аёл ушлангани, Жиззахда 3 нафар аёлни фоҳишалик қилиш учун Туркияга жўнатаётган 21 ёшли йигит қўлга олингани ҳақида хабар берилганди.
Изоҳ (0)