Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат бўйича давлат инспекцияси «Ўзбекистон Республикасининг Жиноят ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳасини муҳокамага қўйди.
Унга кўра, шахсий ҳаёт дахлсизлигини бузиш, яъни шахсга доир маълумотларни қонунга хилоф равишда ошкор этиш, тарқатиш, эгасизлантириш, ўзгартириш, ишлаб бериш, қонун билан белгиланган мулкдор ва оператор томонидан шахсга доир маълумотларни ҳимоя қилиш бўйича зарур ҳуқуқий, ташкилий ва техник чораларни кўрмаслик, шахсга доир маълумотлар ўзгарган тақдирда бу ҳақда ваколатли давлат органини хабардор этмаслик, башарти ушбу ҳаракатлар, маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, БҲМнинг 100 бараваридан 150 бараваригача миқдорда (24,5 миллиондан 36,75 миллион сўмгача) жарима ёки 3 йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёхуд 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.
Шунингдек, шахсга доир маълумотлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик ҳолати маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, БҲМнинг 150 бараваридан 200 бараваригача (амалдаги тартибда 50 бараваригача) миқдорда жарима ёки 2 йилдан 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари (амалдаги тартибда 2 йилгача) ёки 1 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Аввалроқ Шавкат Мирзиёев «Ўзбекистон Республикасининг Жиноят ва Жиноят-процессуал кодексларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонунни имзолагани, унга кўра, Ўзбекистонда жиноят ишлари бўйича айбга иқрорлик тўғрисида келишув жорий қилингани тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)