«Auto.ru» сайтида 1980 йилда ишлаб чиқарилган «ЗИЛ-4104» лимузини сотувга қўйилгани тўғрисида эълон пайдо бўлди. Сотувчи мазкур автомобиль учун 8,9 миллион рубль (121 минг АҚШ доллари) сўрамоқда, бу пулга янги BMW 7-Series Long харид қилиш мумкин. Эълон сайтда ярим йилдан буён турганига қарамай, унга ҳали бирор харидор чиқмаган, деб хабар беради Motor.
Мазкур лимузин 315 от кучига эга 7,7 литрли бензин двигатель билан жиҳозланган бўлиб, у уч поғонали автомат узатмалар қутиси ёрдамида бошқарилади. Эълон муаллифининг таъкидлашича, автомобиль ҳозирга қадар 48,2 минг километр йўл босган бўлиб, ҳеч қанақа харажат талаб қилмайди ва у «совға учун ажойиб вариант». Лимузин билан бирга у қўшимча янги мотор, янги трансмиссия ва орқа кўприкни совға қилишга тайёр.
Етти ўриндиқли «ЗИЛ-4104» 1978 йилдан 1983 йилга қадар Лихачёв номидаги заводда йиғилган. «Auto.ru» сайтида худди шу каби, бироқ 1983 йилда ишлаб чиқарилган лимузиннинг сотувга қўйилганини ҳам кўриш мумкин, у 29 минг километр йўл босган. Мазкур машина 17 миллион рублга баҳоланмоқда — машина 2019 йилдан бери ўзига янги хўжайин қидиряпти.
Аввалроқ Горбачёв давридаги «ЗИЛ» лимузини янги Maybach нархида сотувга қўйилгани тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)