Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов ва Туркия ташқи ишлар вазири Мевлут Чавушўғли учрашуви бўлиб ўтди, дея хабар бермоқда «Gazeta.uz».
Таъкидланишича, аввал икки вазирлик раҳбарлари ўртасида тор доирада суҳбат бўлиб ўтган. Тор доирадан кенгайтирилган тартибдаги ТИВ раҳбарлари бошчилигида Стратегик режалаштириш гуруҳининг иккинчи йиғилишига ўтилди.
Унда бўлажак қўшма тадбирларга, хусусан, олий даражадаги Ўзбекистон—Туркия стратегик ҳамкорлик кенгашининг иккинчи йиғилишига тайёргарликнинг ташкилий масалалари кўриб чиқилди.
Мажлисда Туркия делегацияси ўзига хос турнени амалга ошираётгани, Ўзбекистондан олдин Туркманистонда бўлишгани, бундан кейинги манзил эса Қирғизистон эканлиги айтилди.
Шундан сўнг икки мамлакат делегациялари раҳбарлари Ўзбекистон ва Туркия ташқи ишлар вазирликлари ўртасида 2022—2023 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури ва Таржима хизматлари соҳасида ўзаро англашув меморандумини имзолади.
Абдулазиз Комилов ОАВ вакилларига Туркия президентининг Ўзбекистонга расмий ташрифи 2021 йили амалга оширилиши таклифи билдирилганини маълум қилди.
«Музокаралар давомида олий даражадаги ўзбек—турк Стратегик ҳамкорлик кенгашининг 2-йиғилишини ўтказиш мақсадида Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон жаноби олийларини 2021 йилда ўзларига қулай бўлган вақтда Ўзбекистонга расмий ташриф буюриш таклифи яна бир бор билдирилди», — деди вазир.
Ўз навбатида Туркия ташқи ишлар вазири ўз миннатдорлигини билдириб, Ўзбекистон мустақиллигини тан олган биринчи давлат Туркия бўлгани ва мамлакатда очилган илк элчихона ҳам айнан шу давлатники эканини қайд этди.
«Сал аввал Абдулазиз акамизга ўша пайтларда бош вазир, кейинчалик президент (1993—2000 йилларда) бўлган марҳум Сулаймон Демирел мактубининг бир нусхасини тақдим этдим», — деди у.
Туркия вакили Олий кенгашнинг биринчи саммитида қабул қилинган қарорлар ижросининг бориши муҳокама қилинганини ҳам қайд этди.
Маълумот ўрнида, Ўзбекистон ва Туркия ўртасида имтиёзли савдо тўғрисидаги битимни имзолаш шартлари муҳокама қилинмоқда.
Битим Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йилнинг февралида Туркияга расмий ташрифи давомида эришилган келишувларда белгиланган ва ўзаро савдо ҳажмини 5 миллиард долларга оширишнинг муҳим воситаси сифатида қайд этилган. Битим билан муайян буюмларга нисбатан божхона божлари қўлланилмаслиги ёки уларнинг ставкаси сезиларли даражада пасайтирилиши режа қилинган.
Вазирлар учрашувидан сўнг Мевлут Чавушўғли Президент Шавкат Мирзиёев қабулида бўлди.
Изоҳ (0)