Ўзбекистон касаба уюшмалари федерациясининг катта мажлислар залида бугун, 9 март куни Аёллар муаммоларини тизимли ҳал этиш, уларни қўллаб-қувватлаш бўйича Республика комиссиясининг навбатдаги кенгайтирилган видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Бу ҳақда тадбирда қатнашган «Дарё» мухбири Миролим Исажонов хабар берди.

Фото: «Дарё»

Давлат раҳбари раислигида 2021 йилнинг 26 февраль куни хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш масаласига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилиши ҳамда 6 март куни қабул қилинган «Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамият ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Президенти қарорида белгиланган чора-тадбирларни амалга оширишга бағишланган тадбирда Сенат раиси Танзила Норбоева, Президент маслаҳатчиси Рустам Қосимов ҳамда Тошкент шаҳри ва вилоятлардаги мансабдор шахслар, тегишли ташкилот раҳбарлари қатнашди.

Йиғилиш аввалида нутқ сўзлаган Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси раиси Қудратилла Рафиқовнинг таъкидлашича, видеоселектор йиғилишида жами 1 минг 750 нафарга яқин ходим иштирок этган.

Фото: «Дарё»

«Давлатимиз раҳбари аёлларнинг муаммоларини ҳал этиш ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш учун давлат бюджетидан 2,5 триллион сўм маблағ ажратиб бердилар. Бундай нарса тарихда бўлган эмас. Кечаги қарорда яна қўшимча равишда 600 миллиард сўм соҳага йўналтириладиган бўлди», — деди Рафиқов.

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири ўринбосари Гулнора Маъруфова хотин-қизлар масалаларини ҳал этиш борасида амалга оширилаётган ишлар ва режалар хусусида сўз юритди. Шундан сўнг бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг биринчи ўринбосари Эркин Муҳиддинов ҳамда Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси ўринбосари Абдушокир Раҳимовларнинг ҳисоботлари эшитилди. Уларнинг аёллар муаммоларини ҳал қилиш ва қўллаб-қувватлаш бўйича олиб бораётган ишлари кескин танқид қилинди.

Танқидий-таҳлилий руҳда кечаётган тадбирнинг айни қизғин палласида йиғилишни ёритиш учун келган ОАВ вакиллари кутилмаганда чиқариб юборилди.

«Фарҳод ака, ‘телевизорчик’лар кетсин, бўлди. Бу ерда гапларимиз бор-да бизнинг, илтимос сизлардан, рухсат ҳаммаларингизга. Фарҳод ака? Шу ердами, Фарҳод ака? Маҳмудов буларга (журналистлар назарда тутилмоқда – таҳр.) рухсат берайлик, бўлди кетаверсин, бўлди раҳмат», — деди Рафиқов йиғилишда иштирок этаётган Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси раисининг биринчи ўринбосари Фарҳод Маҳмудовга юзланиб.

Соат 11:00 да бошланган йиғилишда бир ярим соатдан сўнг нафақат «Ўзбекистон 24», «Ёшлар», UzReport, «Менинг юртим», Zo‘r TV каби телеканал мухбирлари, балки «Daryo.uz», «Халқ сўзи online», «Bugun.uz» сингари интернет-нашр вакилларига ҳам чиқиб кетиши айтилди.

Фото: «Дарё»

Журналистлар Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси матбуот хизмати раҳбари Муҳаббат Ўрмонбекова ҳамда Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати вакили Жонибек Маъруповлардан мазкур вазият бўйича изоҳ сўрашди. Аммо улар бу ҳолатга жавоб бера олмади.

Фото: «Дарё»

Йиғилишдан журналистлар чиқариб юборилар экан, нима учун тадбирга ОАВ вакиллари таклиф этилди?

Биз мазкур вазият бўйича расмийлардан аниқ изоҳ кутиб қоламиз.