Маълум қилинишича, бир йил давомида 12,5 жарима балли тўплаган ҳайдовчининг иши судга оширилади. Амалдаги тартибга кўра, у суд қарори билан ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум этилиши мумкин. Ҳайдовчининг айтишича, у аввал 12 баллик тизим амалда ишлашига ишонмаган, бироқ ЙҲХХга чақирилиб, ўзига ҳисобланган жарима балларини кўргач, тизим ишлаётганига амин бўлган.
Шунингдек, республика бўйича яна 11 нафар ҳайдовчига нисбатан 8 баллдан 10 баллгача жарима баллари ҳисобланган. Уларнинг беш нафари Тошкент шаҳри, уч нафари Сурхондарё вилояти, қолганлари эса Наманган, Самарқанд ва Тошкент вилоятларидан бир нафардан ҳайдовчилар экани маълум қилинди.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йил 1 июндан бошлаб йўл-патрул хизмати ходимлари томонидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 12 та моддаси асосида расмийлаштирилган баённомалар учун жарима баллари ҳисобланади.
2026-йилнинг 1 апрелидан эса светофорнинг тақиқловчи ишорасига бўйсунмаслик, тўхташ ва тўхтаб туриш қоидаларини бузиш, қарама-қарши йўлакда ҳаракатланиш ҳамда тезликни ошириш каби автоматик қайд этилган тўртта турдаги қоидабузарлик учун ҳам жарима баллари қўлланмоқда.
22 апрель ҳолатига кўра, республика бўйича жами 22 638 нафар ҳайдовчи 5 баллдан жарима тўплаган. 22 кун давомида баъзи ҳайдовчилар 10 баллгача йиғиб олган ҳолатлар ҳам мавжуд. Жарима баллари 8 баллга етганда ҳайдовчи SMS орқали огоҳлантирилади, 12 баллдан ошганда эса ҳайдовчилик ҳуқуқи суд тартибида бекор қилиниши мумкин.