Украина президенти Владимир Зеленский коронавирус инфекциясига қарши эмланди. Бу ҳақда у Twitter’да маълум қилди, деб ёзмоқда «РБК».
Зеленскийни эмлаш учун Ҳиндистондаги заводда AstraZeneca томонидан ишлаб чиқарилган Covishield вакцинасидан фойдаланилди. Президентнинг сўзларига кўра, у вакцинани «аскарлар билан олд қаторда турадиган бош қўмондон сингари биринчилардан бўлиб» қабул қилди.
Маълумот учун, 2020 йилнинг ноябрь ойида Владимир Зеленскийда коронавирус аниқланган. Зеленскийнинг ўзи ҳам Facebook’даги саҳифасида COVID-19’га тести ижобий чиққанини тасдиқлаган. Ўшанда президент ўзини яхши ҳис қилаётганини ва ишлашда давом этиб, касалликни енгиб ўтишига ишонишини таъкидлаган.
Эслатиб ўтамиз, Украина ҳукумати коронавирус сабабли жорий қилинган карантин муддатини 30 апрелгача узайтирди. 24 февралдан мамлакат карантиннинг мослашувчан шаклига ўтди. Ҳудудларга эпидемиологик хавфнинг тўрт даражасидан бири берилади — «яшил», «сариқ», «тўқ сариқ» ёки «қизил».
Изоҳ (0)