Самарқанд вилояти Пахтачи тумани «Кўрпа» маҳалласидаги хонадонларнинг бирида «қанотли» бузоқ туғилди. Бу ҳақда «Пахтачи» газетаси мухбири хабар берди.

Кадр: Telegram

Маълум қилинишича, 20 февраль куни туғилган ушбу «қанотли» бузоқча «Кўрпа» маҳалласида яшовчи Ғайбулла Хайруллаевга тегишли.

«Ҳомила эгизак бўлган бўлса, зўрлик қилиб оёқ бу бузоққа ўтган бўлиши мумкин», — дея ғайриоддий ҳолатга изоҳ беради Ғайбулла Хайруллаев.

Видеодан кўриш мумкинки, бузоқчанинг ўнг томонида қанотга ўхшаш оёқча мавжуд.

«Бузоқчанинг соғлиғи яхши. Фақатгина ўнг томонидан рудиментлашган бешинчи оёқ ўсиб чиққан. Буни Худонинг элимизга, халқимизга берган баракаси деб биламиз. Онаси олдинги боласини эгиз туққан. Оталаниш жараёнида бузоқ эгиз бўла олмай, тўлиғича етиша олмай қолган», — дейди Пахтачи тумани ветеринария бошлиғи Меҳриддин Мавлонов.

Таъкидланишича, мазкур бузоқчани кўриш учун кўплаб фуқаролар ташриф буюрмоқда. «Ҳатто унинг эвазига мўмай пул бермоқчи бўлганлар ҳам кўпайган», — дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, 2018 йилнинг мартида Самарқанд вилоятининг Жомбой туманида 6 оёқли бузоқ, 2014 йили Жиззахда эса 5 оёқли қўзичоқ туғилган эди.