Президент Шавкат Мирзиёев Наманганга ташрифи давомида шаҳарда жойлашган 26-сонли меҳрибонлик уйига ташриф буюрди. Бу ҳақда «Дарё» мухбири хабар қилмоқда.

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Қайд этилишича, меҳрибонлик уйида 60 нафар бола тарбияланади. 2020 йили 6 нафар меҳрибонлик уйи битирувчиси олий таълим муассасасига ўқишга кирган. Улар орасида спортчилар кўп, бир қанча ютуқларга ҳам эришилган.

Давлат раҳбари тарбияланувчиларнинг уй-жой билан таъминланиши ва сифатли таълим олиши ҳақида сўзлади.

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

«Қаранг, қандай чиройли-чиройли болалар, қизлар. Уларнинг бу ерда бўлмасликлари учун оилалар соғлом, аёллар билимли, ҳунарли бўлиши муҳим. Ҳар бир боланинг кўнглидаги гапни билинглар, барча шароитни муҳайё қилинглар», – дейди Президент.

Президент тарбияланувчиларга юзланиб, улар учун керакли ишлар қилинишини таъкидлади.

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

«Сизларни ёруғ кунлар кутяпти. Сизлар олийгоҳларга киришингиз, уй-жойингиз бўлиши, бахтли бўлишингиз учун мен барча саъй-ҳаракатларимизни ишга соламан. Биз қонун асосида давлат ҳимоясида бўлишингиз учун қарорлар қабул қиламиз», – деди Шавкат Мирзиёев.

Президент тарбияланувчиларга юзланиб, улар учун керакли ишлар қилинишини таъкидлади.

Болалар Президент билан суҳбатлашгандан сўнг у билан бирга суратга тушди.

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Бундан аввал янги кутубхонага кетаётган Шавкат Мирзиёев кортежи йўналишини ўзгартириб, «Бунёдкор» маҳалласига киргани, у ерда халқ билан учрашгани ҳақида хабар берилганди.