Россия Ташқи ишлар вазирлиги мамлакатдаги барча хорижий давлат элчихоналарига ходимларини «Спутник V» вакцинаси билан бепул эмлаш таклифи билдирилган нота юборди. Бу ҳақда Meduza хабар берди.
Бу таклиф Россияда фаолият олиб бораётган 12 минг дипломат ва уларнинг оилалари учун юборилган.
«Дипломатик корпусни коронавирусга қарши вакцинацияга таклиф қилиш тажрибаси кўп давлатларда кенг тарқалган», — дея маълумот берди ТИВ. Ташкилотнинг қўшимча қилишича, Россия халқаро шартномаларга асосан ўз мажбуриятини бажаряпти.
Чет эл элчихоналари Россия Ташқи ишлар вазирлигининг таклифига турлича жавоб қайтарди. МДҲ, Осиё, Африка ва Лотин Америкасидаги «Спутник V» вакцинаси маъқулланган давлатлар дипломатлари бу таклифни қабул қилди.
АҚШнинг Москвадаги элчиси Жон Салливаннинг таъкидлашича, у вакцинани олмайди, чунки «Россия аҳолиси учун мўлжалланган ‘Спутник V’ вакцинаси билан эмланишни истамайди». Шунингдек, The Washington Post нашрининг хабар беришича, Америка элчихонасининг бошқа ходимлари Россия вакцинаси билан эмланишини сўраб мурожаат қилган, чунки улар яқин орада Американинг Moderna ва Pfizer компаниялари вакцинаси билан эмланишига шубҳа билдирмоқда.
Европа Иттифоқи давлатлари элчихоналарининг вакиллари таъкидлашича, Европа Дори-дармон агентлиги (EMA) «Спутник V» вакцинасини маъқулламагунича, уларга бу вакцинадан фойдаланмасликни тавсия қилмоқда.
«РИА Новости» маълумотларига кўра, Россияда Мўғулистон, Испания, Беларусь ва Афғонистон элчихоналари ходимлари «Спутник V» вакцинаси билан эмланди, шунингдек, Кубанинг Москвадаги элчиси ҳам бу вакцина билан эмланишни режалаштиряпти.
Изоҳ (0)