Президент Шавкат Мирзиёев Наманган вилоятига ташрифи давомида Наманган шаҳидаги «Ишга марҳамат» мономарказида журналистлар билан мулоқот қилди. Бу ҳақда учрашувда қатнашган «Дарё» мухбири Миролим Исажонов хабар берди.
Давлат раҳбари оммавий ахборот воситалари ва блогерлар амалдорларнинг халқни рози қилиш йўлида амалга ошираётган ислоҳотларини эътироф этиш баробарида камчиликларни ҳам дадил кўтариб чиқишаётганини алоҳида таъкидлади.
«Мамлакатимиз тараққиёти ва одамларимизни рози қилиш мақсадида амалга ошираётган ишларимизни халққа кўрсатишдан ташқари, камчиликларимизни ҳам олиб чиқаётганларингизни яхши биламан. Бу эса давлат ташкилоти раҳбарлари, ҳокимларнинг янада фаол ишлашига туртки бўлади.
Ўзим ҳам амалдорларга ‘Журналист ва блогерлар билан дўст бўлиб, биргаликда камчиликларни тўлдиринглар, муаммоларга ечим топинглар. Ким уларга дўст бўлса, мен ҳам ўша раҳбарни ўзимга дўст деб биламан’, деган гапни кўп такрорлайман. Сизлар ҳамиша ислоҳотларимизга адолатли ва таҳлилий баҳо беришда давом этишларингизни истаймиз. Ҳеч нарсадан қўрқманглар, ортларингизда Президент турибди», – деди Шавкат Мирзиёев.
Эслатиб ўтамиз, Президент Риштон халқаро кулолчилик марказини кўздан кечириш вақтида ОАВ вакиллари билан 15 дақиқа мулоқот қилган эди.
Президентнинг Наманган вилоятига ташрифига оид бошқа хабарлар:
- Шавкат Мирзиёев Наманган вилоятига ташрифини Янгиқўрғон туманидан бошлади
- Шавкат Мирзиёев Наманганда Chust textile хусусий тўқимачилик корхонасини бориб кўрди
- Шавкат Мирзиёев: «Илмий ёндашув йўқлиги боис картошкани ҳам кўнгилдагидек етиштира олмаяпмиз»
- Шавкат Мирзиёев «Даштбоғ» кичик саноат зонасига ташриф буюрди
Изоҳ (0)