Бундан 22 йил муқаддам — 1999 йилнинг 16 февраль куни Тошкентда кетма-кет беш портлаш юз берган эди. Ушбу қўпорувчилик ҳаракатлари Ўзбекистон раҳбарияти ҳаёти ва амалдаги конституциявий тузумга тажовуз деб баҳоланган эди. Тошкент шаҳар ИИББнинг Шон-шараф музейи портлаш оқибатлари акс этган айрим суратларни «Дарё»га тақдим этди.

Ўша куни Ўзбекистон ҳукуматининг ўтган — 1998 йилдаги иқтисодий ривожланиш якунларига бағишланган мажлиси ўтказилиши керак эди. Дастлаб, мажлис бошланиши арафасида Вазирлар Маҳкамаси биноси олдида президент қўриқлаш хизмати ва жангарилар ўртасида отишма юз берган.

Отишмадан кўп ўтмай, бирин-кетин портлашлар юз бера бошлаган. Илк портлаш соат 10:40 да Юсуф Хос Хожиб кўчасида, республика Ички ишлар вазирлиги биноси яқинида юз берган — портловчи ускуна ўрнатилган ЗАЗ-968М («Запорожец») автомобили портлаб кетган.

Юсуф Хос Хожиб кўчасида содир этилган биринчи портлаш оқибатлари.

Фото: Тошкент шаҳар ИИББ Шон-шараф музейи

Соат 10:55 да Шароф Рашидов кўчасида, «Мустақиллик майдони» метро бекатидан 20 метр масофада иккинчи портлаш юз берган — бу ерда ҳам портловчи ускуна ўрнатилган «Запорожец» портлатилган.

Шароф Рашидов кўчасидаги «Нодирабегим» (собиқ «Искра») кинотеатри ёнида содир этилган портлаш оқибатлари.

Фото: Тошкент шаҳар ИИББ Шон-шараф музейи

Шароф Рашидов кўчасидаги «Нодирабегим» (собиқ «Искра») кинотеатри ёнида содир этилган портлаш оқибатлари.

Фото: Тошкент шаҳар ИИББ Шон-шараф музейи

Орадан уч дақиқа ўтиб Вазирлар Маҳкамаси биноси бурчаги олдида ГАЗ-21 «Волга» автомобили портлаган — бу кетма-кет портлашларнинг учинчиси эди. Орадан ҳеч қанча ўтмай, президент Ислом Каримов Вазирлар Маҳкамаси биноси олдига етиб келган ва шу ернинг ўзида телевидение орқали халққа мурожаат қилган.

Вазирлар Маҳкамаси биноси ёнида содир этилган портлаш оқибатлари.

Фото: Тошкент шаҳар ИИББ Шон-шараф музейи

Айнан халққа мурожаат йўлланаётган вақтда, соат 11:20 да Юнусободдаги Миллий банк биноси ёнида тўртинчи портлаш амалга оширилган — ушбу ҳолат президент Ислом Каримовнинг интервьюсида ҳам акс этган. «Запорожец» автомобилига ўрнатилган портловчи ускунанинг ҳаракатга келтирилиши оқибатида 23 қаватли банк биносига зарар етган, унинг ойналари синиб кетган эди.

Миллий банк биноси ёнидаги автотураргоҳда содир этилган портлаш оқибатлари.

Фото: Тошкент шаҳар ИИББ Шон-шараф музейи

Миллий банк биноси ёнидаги автотураргоҳда содир этилган портлаш оқибатлари.

Фото: Тошкент шаҳар ИИББ Шон-шараф музейи

Сўнгги, бешинчи портлаш соат 12:00 да Абдулла Қаҳҳор кўчасида, яҳудийларнинг «Сохнут» агентлиги яқинида жойлашган хусусий ҳовлининг гаражида юз берган.

Абдулла Қаҳҳор кўчасидаги хонадонда юз берган портлаш оқибатлари.

Фото: Тошкент шаҳар ИИББ Шон-шараф музейи

Ушбу терактлар серияси оқибатида 13 киши (айрим манбаларга кўра, 16 киши) ҳалок бўлган, 100 дан ортиқ фуқаро тан жароҳати олиб, касалхонага ётқизилган. Ҳалок бўлганларнинг бир нафари ИИБ ходими эди.

Президент Ислом Каримов портлаш содир этилган Вазирлар Маҳкамаси биноси олдида.

Фото: Тошкент шаҳар ИИББ Шон-шараф музейи

Ҳукуматнинг ўша кунги мажлиси Олий Мажлис биносига кўчирилган. Ўшанда чиқиш қилган президент Ислом Каримов уни бундай терактлар билан қўрқитиб ёки ўзгартириб бўлмаслигини таъкидлаган эди.

Муаллиф:Мусулмонбек Иброҳимов