Адлия вазири иштирокида 15 февраль куни ўтказилган матбуот анжуманида Русланбек Давлетов коррупция иллати ва унга жамоатчилик томонидан билдирилаётган муносабат ҳақида сўз юритди, дея хабар бермоқда «Дарё» мухбири.

Фото: «Дарё»

«Коррупция масаласи 2020 йилда ҳам энг кўп муҳокама қилинган масалалардан бири бўлди. Умуман, жамиятимизда коррупцияга нисбатан тоқатсизлик ошди, нафрат ўсди. Чунки коррупция билан боғлиқ турли ҳолатлардан жамоатчилик бохабар бўлиб боряпти, унга ўз муносабати, нафратини баён қила оляпти.

Айниқса, давлат органлари ўзларининг давлат харидларини очиқлашни бошлаганидан кейин муаммоларнинг кўзга ташланиши бошланди. Яъни жамоатчилик халқни пули, бюджет пули қаерга қандай сарфланаётганини била бошлади. Буни ижобий жараён, деб баҳолашимиз керак ва давлат органлари масъулиятини оширишда жуда яхши механизм сифатида ўртага чиқяпти. Адлия вазирлиги ҳам буни, шубҳасиз, қўллаб-қувватлайди.

Қайд этиш керакки, шаффофлик бўйича қиладиган ишларимиз ҳали кўп. Давлат дастури билан танишган бўлсангиз, «Очиқ ва ҳисобдор ҳукумат» деган дастур ишлаб чиқилиши керак. Биз, Адлия вазирлиги, бунга масъулмиз ва аллақачон лойиҳани ишлаб чиққанмиз», — деди Давлетов.