Соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари — Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи Баҳодир Юсупалиев COVAX (Коронавирус инфекциясига қарши эмлаш механизми) фонди орқали Американинг Pfizer ва Германиянинг BioNTech компанияси томонидан ишлаб чиқарилган коронавирусга қарши Comirnaty вакцинасини Ўзбекистонга 100 минг доза миқдорида олиб келиниши бўйича буюртма берилганини 18 январь куни маълум қилган эди.

Юсупалиевнинг сўзларига кўра, «эмлаш жараёнини пухта режалаштириш ва тиббиёт ходимларини махсус хавфсиз иммунизация шартлари бўйича тайёргарликдан ўтказиш, вакцинатор, реаниматологлар ва бошқа тиббиёт ходимларини тайёрлаш ишлари бошланган». У, шунингдек, Ўзбекистонда Pfizer-BioNTech вакцинасини -70 даража совуқда сақлаш имконини берадиган музлатгичлар, 2—8 даража ҳароратга мўлжалланган совуқлик занжири инфратузилмаси, 17 та катта хажмдаги рефрижераторлар ва 206 та юк ташувчи минивен борлигини ҳам маълум қилганди.

Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиқ ўринбосари Ботиржон Қурбонов «Дарё» мухбири Мусулмонбек Иброҳимов билан суҳбатда 50 минг кишини икки мартадан эмлаш учун етарли миқдорда буюртма қилинган Pfizer-BioNTech вакцинаси билан Ўзбекистонда биринчи галда кимлар эмланишини айтиб ўтди.

Ботиржон Қурбонов.

Фото: UzReport

«Барчамизга маълум, жуда кўплаб шифокорларимиз туну-кун хизмат қилиш давомида оламдан ўтган. Шу боис ушбу вакцина билан биринчи галда коронавирус бўйича ташкил этилган махсус шифохоналар, коронавирусга гумон қилинган шахсларни кузатиш учун ташкил этилган изолятор пунктлари ёки саралаш марказларида фаолият кўрсатаётган ходимлар, шифокорларимиз эмланади. Кейинги навбатда кексаларимиз — ушбу касалликка чалиниши эҳтимоли юқори бўлган, касалликни ёшларга нисбатан оғир ўтказадиган қарияларимиз қамраб олинади. Кексаларимизни эмлаш жараёни мажбурий бўлмайди, биринчи навбатда ‘мана шу вакцинани олмоқчиман’, деган кўнгиллилар эмланади», — деди Қурбонов.

Унинг таъкидлашича, ҳозирда Тошкентдаги Вирусология илмий-текшириш институти клиникасида Pfizer-BioNTech вакцинасини -70 даража совуқда сақлаш имконини берадиган музлатгичлар ҳозирлаб қўйилган. Вакцинация бошланиши билан жараён ҳақида ҳар кунлик ахборот, хусусан, неча киши ушбу вакцина билан эмланганига доир ахборот шаффофлиги таъминланган ҳолда ОАВда ҳам ёритиб борилади. Сўнгги маълумотларга кўра, Ўзбекистонда вакцинация 2021 йил февраль ойи охири — март ойи бошида бошланиши кутилмоқда.

«100 минг доза вакцина, албатта, бутун Ўзбекистон халқи учун етарли эмас, шунингдек, бутун Ўзбекистон учун шу 100 минг дозадан ортиқ вакцина олинмайди, дегани ҳам эмас — бу бор-йўғи биз қўйган биринчи қадам. Коронавирусга қарши вакцина ишлаб чиқаришни Ўзбекистоннинг ўзида ҳам маҳаллийлаштириш, қолаверса, давлат томонидан ажратилган маблағлар эвазига вакциналар харид қилиш ҳам режалаштирилган», — дейди Ботиржон Қурбонов. Қайд этиш жоиз, 2021 йилда Ўзбекистонда коронавирусга қарши курашиш тадбирлари ва вакцина сотиб олиш харажатлари учун 3 триллион сўм ажратилади.

Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиқ ўринбосарининг таъкидлашича, Ўзбекистоннинг барча аҳолиси коронавирусга қарши вакциналар билан «аста-секинлик билан» қамраб олинади — биринчи навбатда Pfizer-BioNTech вакцинаси билан эмланса, кейин унинг ёнига аста-секинлик билан «Спутник V» вакцинаси, ундан сўнг Хитой томонидан ишлаб чиқарилган вакцина қўшилади ва шунга ўхшаш бир қатор вакциналар қўшилиши оқибатида республика аҳолисини COVID-19’га қарши эмлаб олиш мумкин бўлади, дейди у.

«Аҳолини синовдан ўтмаган вакцина билан ёппасига эмлашга шошмаган маъқул. Эпидемиологик жараён авж олган бўлса ҳам, ёппасига эмлашни амалга ошириш мумкин эди. Республикамизда ҳозир эпидемиологик жараённи бир маромда ушлаб туришга муваффақ бўляпмиз. Касалликка қарши кураш тадбирлари тўғри ва самарали амалга оширилмаганида, эпидемиологик вазиятни бугунги даражада меъёрда ушлаб тура олмаган бўлардик. Шуни эътиборга олган ҳолда таъкидламоқчиманки, барча юртдошларимиз вакцина билан эмланади, аммо бу тадбирлар пухта ўйлаб, тайёргарлик кўрилгач, вакциналар самарадорлиги баҳолангач амалга оширилади», — деди Қурбонов.

Маълумот учун, Ўзбекистонда айни вақтда Хитойнинг Anhui Zhifei Loncom Biofarmaceutical компанияси томонидан яратилган мазкур ЗФ 2001 рекомбинант вакцинасининг синовлари давом этмоқда. Шунингдек, Россиянинг «Спутник V» вакцинасини Ўзбекистонда ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш режаси ҳам мавжуд. Умуман, Ўзбекистонда коронавирусга қарши вакциналар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш режалаштирилаётгани ҳақида 2020 йилнинг ноябрида маълум бўлганди.