Америкалик актёр Чак Норрис 6 январь куни Вашингтонда АҚШнинг амалдаги президенти Дональд Трамп тарафдорлари акциясида қатнашганини рад этди, деб ёзади Meduza.
«Яқинда мен Вашингтонда Капитолийдаги тартибсизликлар чоғида Чак Норриснинг қиёфадоши ҳам бўлгани ҳақида хабар топдим. У мен эмасдим, мен у ерда эмасдим. Жамиятимизда ҳеч қандай турдаги зўравонликка ўрин йўқ. Мен доим қонун ва тартиб тарафдори бўлганман ва доим шундай бўлиб қоламан. Дўстингиз Чак Норрис», — дея пост қолдирди у Twitter’да.
Аввалроқ ижтимоий тармоқларда Норрисга ўхшаган одамнинг фотосурати тарқалган эди. Уни 6 январь куни Вашингтонда Дональд Трамп тарафдорларининг Капитолийга шиддатли ҳужум билан тугаган акцияси чоғида суратга олишган.
Норриснинг менежери Эрик Критцер Associated Press’га маълум қилишича, актёр ҳозир Техасдаги ранчосида. Критцер суратдаги одам актёрга ўхшашлигини тан олди, аммо унинг сўзларига кўра, «Чак ундан анча кўркамроқ».
Чак Норрис кўп йиллар давомида республикачилар тарафдори бўлган ва 2016 йилги президент сайловларида Дональд Трампни қўллаб-қувватлаган. 2020 йилги сайловларда у Трамп томонида эканлигини омма олдида билдирмаган.
Эслатиб ўтамиз, АҚШда 3 ноябрь куни бўлиб ўтган президент сайловлари натижаларини сайловчилар ҳайъати 15 декабрь куни қўллаб-қувватлаб, демократлардан номзод Жо Байденни ғолиб деб эълон қилди. Конгресс якунларни 6 январь куни тасдиқлаши керак эди. Бунга сайловда мағлуб бўлган президент Дональд Трампнинг тарафдорлари халақит берди: улар Конгресс биноси ёнида йиғилиб, ичкарига бостириб кирди. Полиция уларни фақат куч билан қувиб чиқара олди. Конгрессменларнинг бир қисми Капитолийдан эвакуация қилинди. Вашингтонда комендантлик соати эълон қилиниб, тартибни сақлаш учун АҚШ пойтахтига Миллий гвардия кучлари киритилди. Тўқнашувларда беш киши ҳалок бўлди. Кейинроқ, 7 январь куни АҚШ Конгресси мажлисини давом эттириб, Жо Байденнинг АҚШнинг 46-президенти этиб сайланганини тасдиқлади ва унинг инаугурациясини 20 январга белгилади. Трамп овоз бериш якунларидан ҳамон норози бўлса-да, ваколатларни сайланган президентга топширишга тайёрлигини эълон қилди.
Изоҳ (0)