Фарғона вилоятининг Ёзёвон туманида 10-синф ўқувчиси сувга чўкиб ўлгани тахмин қилинаётгани ҳақида хабар берилган эди. 16 ёшли А.А. қишлоқ ҳудудидан оқиб ўтувчи Катта Фарғона каналига ўзини ташлаб, қайтиб чиқмаган.
Вилоят прокуратураси матбуот хизматининг маълум қилишича, мазкур ҳолат юзасидан Ёзёвон тумани прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Дастлабки маълумотга кўра, 2020 йил 22 декабрь куни Ёзёвон туманида туғилган, 2-сонли касб-ҳунар мактаби талабаси А.А. вояга етмаган танишлари олдида Катта Фарғона каналининг Ёзёвон тумани «Тараққиёт» маҳалласидан ўтган қисмига ўзини ташлаб, сувдан қайтиб чиқмаган.
Вояга етмаган болани қидириб топиш юзасидан барча зарур чоралар кўрилмоқда.
Айни вақтда вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармасининг минтақавий қутқарув отряди томонидан ҳодиса содир бўлган жой ва ундан беш километр узоқликдаги масофа оралиғида қидирув ишлари олиб борилмоқда. Қарийб ўн беш кундан буён юзлаб одамлар кўнгилли тарзда марҳумнинг жасадини излашга киришган.
Изоҳ (0)