Бухоро вилоятида фуқаро хонадонидаги печдан табиий газ чиқиши оқибатида ёнғин содир бўлиб, уйнинг 70 квадрат метр қисми ёниб кетган. Бу ҳақда «Дарё»га вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.
Таъкидланишича, 2021 йилнинг 10 январь куни Ғиждувон туманидаги «Позагари» маҳалласида яшовчи фуқаро Ж.Ш.нинг яшаш уйида ёнғин содир бўлган. Бу ҳақдаги хабар соат 18:51 да Ғиждувон туман Фавқулодда вазиятлар бўлими навбатчилик диспетчерига келиб тушгач, ёнғин қутқарув гуруҳи саъй-ҳаракати билан 18:59 да ўчирилган.
«Ёнғин ўчирилгунга қадар хонадоннинг 70 квадрат метри майдони, ички деворлари, том қисми ва уй жиҳозлари ёнган. Қутқарувчилар томонидан уйнинг 120 квадрат метр майдони сақлаб қолинган. Ҳозирда ёнғиннинг келиб чиқиш сабаби бўйича суриштирув ишлари олиб борилмоқда. Ёнғин натижасида фуқароларнинг куйиш ва ҳалок бўлиш ҳолатлари аниқланмади», — деди вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Миржон Файзуллаев.
Ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг «Дарё»га билдиришича, содир бўлган ёнғин сабаб мазкур хонадоннинг икки нафар аъзоси шифохонага жўнатилган.
«Дарё» мухбири бунга аниқлик киритиш мақсадида Ғиждувон туман тиббиёт бирлашмаси бош шифокори Марат Рўзиев билан суҳбатда бўлди.
«Ёнғинда куйган ёки жароҳат олиш билан боғлиқ масалада тиббиёт бирлашмамизга ҳеч қандай мурожаат келиб тушмаган», — деди Марат Рўзиев.
Изоҳ (0)