Фарғона вилоятининг Риштон туманида япон тематика боғи ва чой плантациялари ташкил этилади. Бу ҳақда Риштон тумани ҳокими Суфхонжон Солиевнинг аҳолига қилган мурожаатномасида маълум қилинди, деб хабар бермоқда «Дарё» мухбири.
Таъкидланишича, Риштон тумани Япония билан таълим, туризм ва қишлоқ хўжалиги соҳасида яқин ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйган бўлиб, туманда Риштон—Япония маданий-иқтисодий алоқалар маркази ташкил этилган. Марказда япон тилини ўқитиш мактаби ҳам фаолият кўрсатади. Мактабни тамомлаган юздан зиёд ёшлар Япониянинг турли олий ўқув юртларида таълим олиб, мутахассисликка эга бўлган ва кўпчилиги бугунги кунда ҳам ўқишни давом эттирмоқда.
Япониянинг Киото префектурасидаги Майдзуру шаҳри ва Риштон тумани ўртасида биродарликни йўлга қўйиш бўйича меморандум имзоланган. Ушбу ҳамкорлик доирасида Риштонда экспортбоп чой плантациялари ташкил этилиши режалаштирилган. Плантацияда япон чойлари маҳаллийлаштирилади.
Айни пайтда япон мутахассислари қишлоқ хўжалиги олимлари ва агрономлар билан ҳудуднинг об-ҳавоси, суви ва тупроғини таҳлил қилмоқда. Шунингдек, Риштонда Япония мутахассислари тажрибалари асосида япон тематика боғи ташкил этилади. Мазкур боғ учун 3,5 гектар ер ажратилган. Келгусида бу ерда иссиқхона ҳам ташкил қилиниб, япон тажриба боғи учун 100 минг доллар миқдорида инвестиция жалб этилади. Лойиҳа қийматини 1 миллион долларга етказиш режалаштирилган.
«Барча дарахт кўчатлари айнан Япониядан келтирилгани боис боғга кирган ҳар қандай одам гўё кунчиқар мамлакатда юргандек тасаввурга эга бўлади», — дейди туман ҳокими.
Изоҳ (0)