«Брайтон» ярим ҳимоячиси Ив Биссума Мадриднинг «Реал» клуби қизиқишларига сабаб бўлмоқда.
Defensa Central нашрининг хабар қилишича, мадридликлар клубининг скаутлари 24 ёшли футболчининг ҳаракатларини яхши баҳолаган.
Малилик ярим ҳимоячи «Реал» устози Зинедин Зиданга ҳам маъқул келган. У Пол Погба («Манчестер Юнайтед») ва Эдуардо Камавинга («Ренн») ўрнига арзонроқ альтернатив вариант бўлиши мумкин.
Daily Express’нинг хабарига кўра, Биссумага «Манчестер Юнайтед»дан ҳам қизиқиш бор. Жамоа унга ёзда кетишини кутилаётган Погбанинг ўринбосари сифатида қарамоқда. Бунинг устига ушбу трансферни «қизил иблислар» устози Оле-Гуннар Сульшер ҳам хоҳламоқда.
Аввалроқ футболчига «Ливерпуль» ва «Арсенал»дан қизиқиш бўлгани хабар қилинганди.
«Брайтон» Бисуммани 2018 йилнинг ёзида 17 миллион евро эвазига «Лилль»дан сотиб олган. Унинг клуб билан шартномаси 2023 йилнинг ёзига қадар мўлжалланган. Клуб футболчи учун 35—40 миллион евро атрофида пул сўраши тахмин қилинмоқда.
Бисумма Премьер Лига жорий мавсумида 13 ўйин ўтказиб, битта гол урди, шунингдек, тўртта сариқ ва битта қизил карточка ишлаб олди.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @Daryo_Sport24’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)