Бугун,

  • USD 11014.01
  • RUB 191.8
  • EUR 10674.78

Ўзбекистон «Божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш ва уйғунлаштириш тўғрисидаги халқаро конвенция»га қўшилса, экспорт ва импорт қилинадиган маҳсулотлар кафолатланади. Бу ҳақда 15 декабрь куни Сенатнинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси томонидан ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди, дея хабар бермоқда «Дарё» мухбири.

Анжуманда таъкидланишича, Олий Мажлис Сенатининг 10-ялпи мажлисида кўриб чиқилиши кутилаётган «Божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш ва уйғунлаштириш тўғрисидаги халқаро конвенцияга Ўзбекистон Республикасининг қўшилиши тўғрисида»ги қонун кўриб чиқилади.

Бахтиёр Раҳимов

Бахтиёр Раҳимов
Фото: «Дарё»

Тадбирда Давлат божхона қўмитаси раиси ўринбосари Бахтиёр Раҳимов мазкур конвенциянинг Ўзбекистон учун афзалликлари хусусида гапираркан, республика қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари импортига Россия томонидан қўйилган тақиқлар юзасидан ҳам муносабат билдирди.

«Оммавий ахборот воситаларида Россия томонидан помидорларимиздан зараркунандалар аниқланиб, тақиқлар қўйилгани ҳақида маълумотлар тарқалмоқда. Лекин буни таги йўқ, деб ўйлайман. Менинг шахсий фикримча, бу - сиёсий ўйин. Мазкур конвенцияга қўшилганимиздан кейин ягона дарча, карантин (Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси – таҳр.) каби соҳалар уйғунлашсагина, Россияга экспорт қиладиган маҳсулотларимиз кафолатланади, яъни тадбиркорга қулай шароит яратилади. Импортда ҳам худди шундай: чет элдан маҳсулотни сифатли кириб келишини таъминлайди», – деди Бахтиёр Раҳимов.

Эслатиб ўтамиз, жигарранг буришган вируси аниқлангани сабабли «Росселхознадзор» 26 ноябрдан бошлаб Фарғона вилоятидан Россияга помидор ва қалампир олиб киришни тақиқлаган эди. Кейинроқ қуритилган ўрик партиясида ҳам хавфли зараркунанда (капр қўнғизи) аниқлангач, «Росселхознадзор» Фарғонадан барча турдаги ўсимлик маҳсулотлари импортини тақиқлади. Россия томони шу каби тақиқларни сўнгги икки ҳафта ичида Навоий ва Қашқадарё вилоятида етиштирилган маҳсулотларга ҳам жорий этган.

Фарғонага вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров Россияга юборилган помидордан чиққан касаллик Фарғонадаги бирорта иссиқхонада аниқланмагани ҳақида маълумот берган. Ҳокимнинг таъкидлашича Россиянинг ваколатли органлари томонидан Фарғонада етиштирилган барча қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари импортига қўйилган тақиқ вилоятга жуда салбий таъсир кўрсатади — тақиқ олиб ташланмаса, «Фарғонага оғир бўлади».

Аввалроқ «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати етакчиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Бобур Бекмуродов Россия томонидан Фарғона, Навоий ва Қашқадарё вилоятларида етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари импортига қўйилган тақиққа муносабат билдириб, «бундай ҳаракатлар... Жаҳон савдо ташкилотига аъзоликни тезлаштириш лозимлигини яна бир бор эслатаётгани»ни таъкидлаб ўтган эди.

Telegram’даги «Давлетовуз» каналининг қайд этишича, Ўзбекистон қалампири ва помидорига қарши Россия томонидан қўйилаётган тақиқлар «Ўзбекистон ҳукумати Россия вакцинасини расман (худди Қозоғистон каби) сотиб олмаётгани ёки ‘маҳаллийлаштирмаётгани’ туфайли» жорий этилаётган бўлиши мумкин. «Ҳозирги Россия соғлом давлат эмас», — дея қўшимча қилган канал муаллифлари.

Изоҳ
Асосий янгиликлар