Бугун,

  • USD 11014.01
  • RUB 191.8
  • EUR 10674.78

Россиянинг ваколатли органлари томонидан Фарғонада етиштирилган барча қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари импортига қўйилган тақиқ вилоятга жуда салбий таъсир кўрсатади — тақиқ олиб ташланмаса, «Фарғонага оғир бўлади». Бу ҳақда вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров журналистлар билан учрашувда маълум қилди.

Хайрулло Бозоров.

Хайрулло Бозоров.
Фото: «Xabar.uz»

Жигарранг буришган вируси аниқлангани сабабли «Росселхознадзор» 26 ноябрдан бошлаб Фарғона вилоятидан Россияга помидор ва қалампир олиб киришни тақиқлаган эди. Кейинроқ қуритилган ўрик партиясида ҳам хавфли зараркунанда (капр қўнғизи) аниқлангач, «Росселхознадзор» Фарғонадан барча турдаги ўсимлик маҳсулотлари импортини тақиқлади. Россия томони шу каби тақиқларни сўнгги икки ҳафта ичида Навоий ва Қашқадарё вилоятида етиштирилган маҳсулотларга ҳам жорий этган.

Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоровнинг алоҳида таъкидланишича, Россияга юборилган помидордан чиққан касаллик вилоятдаги бирорта иссиқхонада аниқлангани йўқ.

Барча иссиқхоналарни текшириб бўлдик. Эътиборли томони, ўша Россияга юборилган помидордан чиққан касаллик бирорта иссиқхонада аниқлангани йўқ. Қизиқ томони, Москвага бор-йўғи 5 килограмм помидор синов тариқасида олиб борилган экан. Агар мижозга ёқса, кўпроқ олиб боришни мақсад қилишган. Ўша кичик партиядан «Роспотребнадзор» томонидан касаллик топилган.

Биз барчасини аниқладик — помидор Марғилон бозоридан олиб борилган. Охири ўша помидорни сотган тадбиркорни ҳам қидириб топдик ва маҳсулот қаерда етиштирилганини ҳам аниқладик. Биз у ерга ҳам бордик ва иссиқхонани текширувдан ўтказдик. Эътиборли томони, унда ҳам касаллик аниқланмади. Бу маълумотларни «Роспотребнадзор» карантин инспекциясига юбордик.

... Бу борада ҳозир ҳукумат даражасида иш олиб борилмоқда. «Роспотребнадзор» билан гаплашиб, сешанба (15 декабрь) куни рухсат олиниши кутилмоқда. Биз барча хулосани тайёрлаб, ҳар бир маҳсулот етиштирувчини текшириб, хавфсиз эканига ишонч ҳосил қилиб, рўйхатини Россияга берадиган бўлдик. Улар ўша экспортёрларга рухсат беради.

Ҳозирча шунга келишилган. Кейинчалик ҳамма бемалол экспорт қилиши мумкин бўлади.

Хайрулло Бозоров, Фарғона вилояти ҳокими

Ҳокимнинг сўзларига кўра, ҳозирда Германиядан вилоятда етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини текшириш учун янги жиҳозлар, реактивлар, «сифатни текширадиган, унча-мунча давлатда йўқ технологиялар» сотиб олинмоқда. Уларни амалиётга қўллаш бошланса, «ҳеч қандай муаммо қолмайди». «Бунақа ҳолат бошқа такрорланиши мумкин эмас», — дея қўшимча қилди вилоят ҳокими.

Аввалроқ «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати етакчиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Бобур Бекмуродов Россия томонидан Фарғона, Навоий ва Қашқадарё вилоятларида етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари импортига қўйилган тақиққа муносабат билдириб, «бундай ҳаракатлар... Жаҳон савдо ташкилотига аъзоликни тезлаштириш лозимлигини яна бир бор эслатаётгани»ни таъкидлаб ўтган эди.

Telegram’даги «Давлетовуз» каналининг қайд этишича, Ўзбекистон қалампири ва помидорига қарши Россия томонидан қўйилаётган тақиқлар «Ўзбекистон ҳукумати Россия вакцинасини расман (худди Қозоғистон каби) сотиб олмаётгани ёки ‘маҳаллийлаштирмаётгани’ туфайли» жорий этилаётган бўлиши мумкин. «Ҳозирги Россия соғлом давлат эмас», — дея қўшимча қилган канал муаллифлари.

Изоҳ
Асосий янгиликлар