Ўзбекистонда «Хусусий бандлик агентликлари тўғрисида»ги қонунга киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар 14 ноябрдан кучга кириши ортидан бир қатор хусусий бандлик агентлик (ХБА)лари ўз лицензияларини бекор қилишни сўраб, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги (ТMMA)га мурожаат қилган. Бу ҳақда ТMMA бошлиғи Муҳаммадзокир Маматхонов маълум қилди.
Ўзгартишларга кўра, энди Ўзбекистондан ташқарида иш қидираётган шахслардан хорижда ишга жойлаштириш бўйича хизматлар учун ҳақ олиш мумкин эмас — хизмат ҳақини фақат хорижий иш берувчидан олиш мумкин. Шунингдек, фуқароларни ишга жойлаштириш соҳасида кўрсатиладиган ахборот ва маслаҳат хизматларининг қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари (6 декабрь ҳолатига кўра — 223 минг сўм)дан ошмаслиги керак.
Муҳаммадзокир Маматхоновнинг таъкидлашича, қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритишдан кўзланган асосий мақсад — соҳада юзага келган ва келаётган муаммоларнинг олдини олишдир. Қайд этилишича, ўтган давр мобайнида хусусий бандлик агентликлари томонидан алдов йўли билан 9 338 нафар фуқародан салкам 80 миллиард сўм маблағ фирибгарлик йўли билан ўзлаштириб олинган.
«Ўзгартишларга мувофиқ, энди хусусий бандлик агентликлари хорижга ишга жойлаш бўйича тегишли лицензияни қўлга киритиш учун Меҳнат вазирлиги ҳузуридаги тегишли жамғармада базавий ҳисоблаш миқдорининг 8500 баравари (6 декабрь ҳолатига кўра — 1,89 миллиард сўм) миқдорида захира маблағини шакллантириши ҳам белгиланди. Шунингдек, ҳар бир фуқаро билан тузилган шартнома вазирлик ахборот тизимида ҳисобга қўйилади», — деди Маматхонов.
Аввалроқ Ўзбекистондаги 20 та хусусий бандлик агентлигининг лицензияси янгиланган қонун талабларини бажармагани боис вақтинча тўхтатиб қўйилгани ҳақида хабар берилган эди. Сўнгги бир ярим йил ичида мамлакатда 50 дан ортиқ ХБАнинг фаолияти тўхтатилган.
Мавзуга доир:
- Ўзбекистонда 2600 дан ортиқ кишини чув туширган International Job Organization ХБА раҳбари устидан суд бошланди
- Тошкентда одамларни қарийб 1,5 млрд сўмга чув туширган хусусий бандлик агентлиги мансабдорларига суд ҳукми ўқилди
- Тошкентда 1100 дан ортиқ фуқарони 6,2 млрд сўмга чув туширган хусусий бандлик агентлигининг кирдикорлари фош қилинди
- Фуқароларни Кореяда ишлашга жўнатишни ваъда қилган агентликдан жабр кўрганларнинг пулларини қайтариш бошланди
- «Korean and migrations» хусусий бандлик агентлиги мансабдорларига тайинланган суд ҳукмига қисман ўзгартириш киритилди
- Самарқандда хорижга ишга жўнатиш баҳонасида 300 дан ортиқ одамни чув туширган «Амилее Баҳора» хусусий бандлик агентлиги раҳбарларига суд ҳукми ўқилди
Изоҳ (0)