«Судьяларнинг одоб-ахлоқ кодекси» талабларини бузган Жиноят ишлари бўйича Ангрен шаҳар судининг раиси ва Ангрен шаҳар маъмурий судининг раисига нисбатан жазо қўлланилган. Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмати раҳбари Азиз Обидов «Дарё»га маълум қилди.

Эслатиб ўтамиз, Тошкент вилоятида озодликни чеклаш жазосини ўтаётган шахснинг зиёфатида қатнашган судья кўп ўтмай уни озодликка чиқаргани ҳақида хабар қилинган эди.

Фото: «Дарё»

Олий суд берган маълумотга кўра, Жиноят ишлари бўйича Ангрен шаҳар судининг раиси Т.Ҳ. ва Ангрен шаҳар маъмурий судининг раиси Э.П.га нисбатан якунланган хизмат текшируви хулосасига кўра, 2020 йилнинг 25 май куни, тахминан, соат 19:30 ларда Т.Ҳ. ва Э.П. жиноят ишлари бўйича Олмалиқ шаҳар судининг ҳукмига кўра, Жиноят кодексининг 25,169-моддаси (ўғрилик) 4-қисми «а», «в» бандлари (жуда кўп миқдорда, ўта хавфли рецидивист томонидан) билан озодликни чеклаш жазоси тайинланган Д.Н.нинг туғилган кун тадбири ўтказилаётган кафесига кечки овқатланишга таом олиб кетиш учун борган. Судьялар буюртма берилган овқатнинг тайёр бўлишини кутиш жараёнида уларга нотаниш бўлган, бир фуқаро туғилган куни эканлигини айтиб, уларни ҳам туғилган куни бўлиб ўтаётган хонага таклиф қилган ва улар туғилган кун тадбирига кириб ўтирган.

Судьялар бу ҳаракатлари билан «Судьяларнинг одоб-ахлоқ кодекси» қоидалари ҳамда карантин даврида мажбурий қоидалар талабларини бузганлиги аниқланган.

Судьялар Т.Ҳ. ва Э.П. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 54-моддаси (эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузиш) 1-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этганликлари учун уларнинг ҳар бирига базавий ҳисоблаш миқдорининг 3 баравари — 669 000 сўм миқдорида жарима жазоси қўлланилган.

Маълумот учун, 2020 йилнинг 11 ойи мобайнида ўз фаолиятида камчиликларга йўл қўйган 27 нафар судья интизомий жавобгарликка тортилган. Шунингдек, 8 нафар судьянинг ваколати муддатидан илгари тугатилган.