Германия полицияси канцлер Ангела Меркелнинг офиси дарвозасига 25 ноябрь куни автомобилда урилган 56 ёшли эркакни ҳибсдан озод қилди. Бу ҳақда Meduza хабар берди.
Полициянинг маълум қилишича, эркакни ҳибсда ушлаб туриш ёки руҳий касалликлар клиникасига жўнатиш учун асос мавжуд эмас. Эркакка қарши текширув давом этмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Германия пойтахти Берлин шаҳрида 25 ноябрь куни эрталаб мамлакат канцлери Ангела Меркелнинг офиси дарвозасига автомобиль келиб урилди. Автомобилга немис тилида «Глобаллашув сиёсатини тўхтатинг» ва «Сизлар болалар ва кексаларнинг ярамас қотилисиз» ёзувлари туширилган. Ҳайдовчи қўлга олинганди.
Кейинроқ маълум бўлишича, худди шу эркак Volkswagen маркасидаги худди шундай машинада 2014 йилнинг февраль ойида ҳам Меркелнинг офиси дарвозасига урилган. Ўшанда машинага немис тилида «Одамларни ўлдираётган иқлим ўзгаришига йўқ» ва «Николь, мен сени севаман», деган ёзув туширилганди.
Изоҳ (0)