Ўтган ҳафта «Аквамен» юлдузи Жейсон Момоа ўзини ҳақиқий қаҳрамонлардек тутди. Актёр кам учрайдиган мия саратонидан азият чекувчи Дэнни Шиэн исмли ёш мухлиси билан видеоалоқа орқали боғланган, деб хабар беради «Film.ru».
Бунга қадар Шиэн иштирокидаги видео интернетда вирус каби тарқалган эди. Унда болакай совға қутисини очиб, ичидан «Аквамен» ўйинчоғини топиб олади ва хурсандлигидан «Эй, Худо, у менинг севимли қаҳрамоним — Аквамен!» дея бақиради.
Роликдан хабар топган Момоа FaceTime орқали Шиэн билан боғланишга қарор қилган. Актёр болакай билан дельфинларни яхши кўриши ҳақида гаплашган. У ҳеч қачон тирик дельфинларни кўрмаганини айтгач, Момоа буни ҳал этишга ваъда берган. Шунингдек, Дэнни Момоага ўзининг «Аквамен» ўйинчоғини кўрсатган, актёр эса кейинги миссияси Шиэнга қаҳрамоннинг ҳақиқий уч шохли найзасини совға қилиш бўлишини маълум қилган.
Жейсон Момоа ушбу суҳбат видеосини ўзининг Instagram’даги саҳифасига жойлаштирган. Актёрнинг фолловерлари ушбу ҳолатдан таъсирланиб, унга мақтовлар ёғдирган.
Аввалроқ Киану Ривз билан 15 дақиқалик учрашув аукционда сотилаётгани тўғрисида хабар берилганди. Актёр учрашувдан тушган пулларни саратонга чалинган болалар ва уларнинг оилаларига топширади.
Изоҳ (0)