Президент администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 20 ноябрь куни чиқарилган хат бугун, 26 ноябрь куни тушдан сўнг, «Дарё» таҳририятига етиб келди. Аввалроқ «Gazeta.uz» ва «Podrobno.uz» интернет-нашрлари ҳам АОКАдан огоҳлантириш хати олганини билдирган эди — «Дарё»га берилган «огоҳлантириш» ҳам бу икки қўшни сайтники билан мазмунан бир, фақат «қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйган» сайт номи ва тегишли ҳаволалар ўзгарган, холос.

Фото: «Дарё»

Учала сайтнинг «айби» бир хил — биринчидан, улар Президент матбуот хизмати 17 ноябрь куни тарқатган ахборотга таяниб, Ўзбекистонда «COVID-19 билан касалланганлар учун ажратилган... ўринларда 6 570 нафар бемор даволанмоқда» деб ёзган, иккинчидан, Президент матбуот хизмати келтирган рақам (6 570 нафар бемор) Ўзбекистонда коронавирус билан боғлиқ расмий статистика юритишга масъул (биз билишимизча, шундай) Соғлиқни сақлаш вазирлиги (ССВ) эълон қилиб келаётган рақамларидан уч баробар кўплигини алоҳида кўрсатиб ўтган.

АОКАнинг огоҳлантириш хатида қайд этилишича, «юқоридаги тўла текширилмаган маълумот асосида жойлаштирилган бирламчи ахборотлар... жамоатчиликда нотўғри фикрга олиб келиши кузатилди». Яъни, АОКА айтмоқчики, Президент матбуот хизмати ахборотидаги Ўзбекистонда «COVID-19 билан касалланганлар учун ажратилган... ўринларда 6 570 нафар бемор даволанмоқда» деган гап — тўла текширилмаган маълумот, демак, Президент матбуот хизмати жамоатчиликда нотўғри фикр шаклланишига олиб келадиган тўла текширилмаган ахборот тарқатган.

Маълумот учун: «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги қонуннинг 40-моддасига кўра, «бош муҳаррир, шунингдек журналист оммавий ахборот воситаларида ҳақиқатга мос келмайдиган материалларни тарқатганлик учун қуйидаги ҳолларда жавобгар бўлмайди: агар бу маълумотлар расмий хабарлардан,.. ёхуд ахборот агентликлари ёки давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг матбуот хизматлари, шунингдек уларнинг расмий веб-сайтлари орқали олинган бўлса».

Президент матбуот хизмати тарқатган «тўла текширилмаган маълумот»ни текшириш учун, аввало, Ўзбекистонда ҳатто Президент матбуот хизмати ҳам тўла текширилмаган, жамоатчиликни чалғитиши мумкин бўлган маълумот тарқатиши мумкинлигини билиш керак. АОКАнинг 20 ноябрь куни ОАВларга йўллаган хатларидан кейин шундай бўлиши мумкинлиги, қайсидир маънода, расман тасдиқланди — энди буни аниқ биламиз ва келаси сафар Президент матбуот хизмати тарқатган ахборотни имкон доирасида тўла текширишга, хатоси бўлса, тузатишга уринамиз, албатта.

АОКАнинг мантиғи бўйича, Президент матбуот хизмати тарқатган «тўла текширилмаган маълумот»ни ОАВлар мавзуга масъул соҳа матбуот хизмати орқали аниқлаштириши мақсадга мувофиқ ҳисобланади — гап коронавирусга чалинган беморлар ҳақида бораркан, у ҳолда ССВга мурожаат қилиш лозим эди. «Podrobno.uz» «огоҳлантириш»га сабаб бўлган материални чиқаришдан аввал ССВга мурожаат қилганми-йўқми, айтилмаган; «Gazeta.uz» мурожаат қилганини, аммо тезкор жавоб ололмаганини ёзган. «Дарё» мурожаат қилмаган, чунки жавоб берилмайдиган жойга мурожаат қилиш ўринсиз.

Нега энди «жавоб берилмайдиган жой»? Ҳамкасбларимизнинг аҳволи бунга яхшироқ жавоб бўла олади — «Gazeta.uz» АОКАнинг «огоҳлантириши» ҳақидаги хабарида қайд этишича, коронавирус пандемияси фонида 2020 йил июль ойида Ўзбекистонда ўлимлар сони 26,4 фоизга, Тошкентда 2,6 баробарга кўпайгани юзасидан сентябрь ойида ССВдан изоҳ сўрагани, лекин ҳалигача жавоб ололмаганини, 2020 йил учинчи чорак якунлари бўйича статистик ҳисоботга сўнгги йилларда биринчи марта мамлакатдаги ўлим ҳолатлари сони киритилмагани юзасидан ноябрь бошида берилган сўров ССВ томонидан ҳали ҳам жавобсиз қолдирилаётганини қўшимча қилган.

«Дарё»нинг ҳам ССВга йўллаган қанчадан-қанча сўровлари шунчаки жавобсиз қолдирилгани АОКАдаги масъулларга сир эмас ва шуни била туриб, яна коронавирус статистикасига дахлдор маълумотларни ССВ орқали аниқлаштиришни талаб қилиш — ўта кетган мантиқсизлик. «Огоҳлантириш»га сабаб бўлган бу материаллар «тирноқ остидан кир қидириш» ёки «коса остидаги нимкоса»ни кўтариш маҳсули ҳам эмас, бор-йўғи бир давлат органи тарқатган ахборотдаги рақам давлатнинг бошқа органи бераётган рақам билан таққоси, холос — шунга шунча жазава, «жиддий ҳуқуқий оқибатлар» билан қўрқитиш. Шунинг ўзиёқ муаммонинг таг-томири «огоҳлантирилган» ОАВлар эмас, бутунлай бошқа тарафларда эканлигини кўрсатиб турибди.

Биз АОКАнинг бу хатини босим деб ҳисобламаймиз, чунки шу кеча-кундузда ОАВга бундан баттар, ростмана жиддий (ва баъзан тутуриқсиз) босимлар етарлича, йўқ жойдан яна бир босим ўйлаб топиш маъқул эмас. Бу — бор-йўғи олдига қўйилган кўплаб вазифалардан бирини (масалан, матбуот хизматлари фаолиятини лозим даражада мувофиқлаштиришни) эплай олмаётган давлат ташкилотининг ёқимсиз бир огоҳлантириш хати. Фақат ҳаддан ортиқ ўринсиз ва мантиқсиз. Биз, бошқа бир мавзу сабаб асоссиз огоҳлантирилган «Kun.uz»ни ҳам қўллаб, унинг мана шу нуқтаи назарини қувватлаймиз — «Дарё» ОАВ сифатида қонун билан белгиланган ҳуқуқлари доирасида, мавжуд муаммоларни холис ва шу билан бирга борича ёритишда давом этади.

АОКА эса жамоатчиликда нотўғри фикрлар шакллантириши мумкин бўлган тўла текширилмаган маълумотларни тарқат(аёт)ган, шунингдек, ОАВнинг долзарб масалалар бўйича сўровларига жавоб бермаётган давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг матбуот хизматларини тартибга чақириши мақсадга мувофиқдир.

Муҳрим Аъзамхўжаев, «Дарё» бош муҳаррири

ПС. АОКА «Дарё»га 16 ноябрь куни ҳам огоҳлантириш хати йўллаган эди (хат таҳририятга 18 ноябрь куни етиб келган). Унда агентлик «Қашқадарёда яшил рангга бўялаётган чим» номли хабарни «нохолис ахборот» деб атаган, агар бу «ахборот ўз исботини топмаса», камида тўртта қонун бузилишидан огоҳлантирган ва шу каби хабарларда «масъул ташкилотнинг ахборот хизмати орқали масалага аниқлик киритишни тавсия қилган». Хабар қайси асосларга кўра нохолис деб топилгани билдирилмаган. Хатда ижрочи сифатида кўрсатилган АОКА масъули мен билан суҳбатда хабарда ёзилган воқеа ҳақиқатда қачон, қаерда бўлганини ўзлари ҳам билиши, аммо «Дарё» масалани вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати орқали аниқлаштирмагани учун хат чиқарилгани, буни огоҳлантириш эмас, тавсия сифатида қабул қилиш лозимлигини айтган эди. «Дарё»нинг Қашқадарёдаги мухбири ўша куниёқ бу воқеани ўрганиб, хабар ҳаққоний экани, ҳақиқатда ҳам чим Президент ташрифи арафасида бўялганини аниқлади, бироқ раддия маълум бир сабабларга кўра чоп этилмаган эди.