Тошкент ҳокимининг бошқарув аппарати 4965 дона Президент портретларини сотиб олган. Уларнинг умумий қиймати 999,05 миллион сўмга тенг. Бу ҳақда маълумотларни Давлат харидлари порталига юкланган ҳужжатда кўриш мумкин, деб ёзади блогер Отабек Бакиров.

Фото: «Дарё»

2020 йил 19 майдаги шартномага кўра, портретлар «Колорпак» компанияси томонидан ишлаб чиқарилган. Буюртмага кўра, ҳар бири 200 минг сўмлик 2894 дона 59×71 лик портрет (жами 665,6 миллион сўм), ҳамда 2071 дона 49×42лик портрет (жами 333,4 миллион сўм) сотиб олинган.

Маълумот учун, «Колорпак» томонидан чиқарилган Президент портретининг улгуржи нархлари 322 минг сўм (59×71см) ва 207 минг сўмни (49×42) ташкил қилади.

Аввалроқ «Колорпак»нинг июнь ойида янги «Таълим» дарслигининг 6 миллион нусхасини ва «Информатика» бўйича 2 миллион нусхасини нашр этиш бўйича бош пудратчисига айлангани ҳақида хабар берилганди. Компания шартномани ўқув йили бошланишидан 2,5 ой олдин қабул қилди ва бу билан бошқа ноширлар билан тузилган шартномалар ўзгартирилди.

Муассислар таркиби 

Фото: «Gazeta.uz»

«Колорпак» компаниясининг «Gazeta.uz»га маълум қилишича, компания тугатилган ва бошқа СТИР билан қайта ташкил қилинган. 24 ноябрь ҳолатига кўра, Аброр Ғаниев таъсисчилар рўйхатига киритилмаган.

Фото: «Gazeta.uz»

Корхоналар ва ташкилотларни рўйхатга олиш бўйича ягона давлат реестридаги маълумотларга кўра, «Колорпак» матбаа уйи 2004 йил май ойида рўйхатга олинган.

Компаниянинг таъсисчилари — Шуҳрат Ёқубжонович Аҳмедов (34,4 фоиз), Исмоил Эркинович Исроилов (34,4 фоиз) ва Zo‘r TV телеканали (31,2 фоиз). Аҳмедов (50 фоиз) ва Исроилов (50 фоиз), шунингдек, Zo‘r TV телерадиокомпаниясига ҳам эгалик қилишади.

Шуҳрат Аҳмедов «Водий садоси» радиостанциясининг раиси бўлиб, «Тасвир» нашриёт уйининг («Тасвир» журнали, «Оптовик» ҳафталиги) 65 фоиз, доимий тарзда нашрлар ва журналлар чиқарадиган East Star Media’нинг 33 фоиз улушига эгалик қилади (бошқа асосчилар — Фирдавс Абдухолиқов, Бахтиёр Фозилов ва Тимур Расулов). 2018 йилда «Дўстлик» ордени билан тақдирланган.

Исмоил Исроилов Whitecity Construction, High Land City, Technologi De Lavenir, Pro FM, Discover-Invest Durable Beton, Techno Logistic Construction, Crystal Paint, Master Pack ва бошқа компанияларда улушларга эга. У илгари Akfa Engineering and Management директори ва директор ўринбосари бўлиб ишлаган.

«Gazeta.uz» дастлабки маълумотларда «Колорпак» қайта ташкил этилгунига қадар бўлган муассисларнинг таркибини эълон қилганди. Аниқлик киритилишича, бугунги кунда (24 ноябрь ҳолатига кўра) Аброр Ғаниев компания асосчилари рўйхатига киритилмаган.