Сирдарё вилояти Ширин шаҳрида автомобиль ҳайдовчисининг айби билан бутун шаҳар 6 соатга газ таъминотидан узилиб қолди, деб хабар беради шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати.

Фото: Ширин шаҳар ҳокимлиги

Маълумотларга кўра, 23 ноябрь куни тахминан соат 03:00 лар атрофида Ширин шаҳар «Амир Темур» маҳалласи Ибн Сино кўчасидан ўтувчи ўрта босимли газ тармоғида авария ҳолати юзага келган.

Шахси очиқланмаган ҳайдовчининг бошқарувни йўқотиши оқибатида автотранспорт воситаси газ қувурига бориб урилган ва газ таъминоти бутун шаҳар бўйлаб соат 03:00 дан 09:00 гача узиб қўйилган.

Фото: Ширин шаҳар ҳокимлиги

Таъкидланишича, авария оқибатлари шу куннинг ўзида «Шириншаҳаргаз» газ таъминоти корхонаси ходимларининг саъй-ҳаракатлари билан бартараф этилган.

Фото: Ширин шаҳар ҳокимлиги

Аввалроқ Сирдарёда Lacetti йўлни кесиб ўтаётган пиёдани уриб юбориши оқибатида жабрланувчи воқеа жойида ҳалок бўлгани, шунингдек, Сирдарё туманида ҳайдовчининг телефонини олиб қўйган ЙПХ ходими лавозимидан озод этилгани тўғрисида хабар берилганди.