Қорақалпоғистоннинг Тўрткўл туманида шахсий машинасини ходимига ювдирган поликлиника бўлим мудираси 1 миллион 115 минг сўм жаримага тортилди.
Маълум бўлишича, Тўрткўл туманидаги 2-сон поликлиника бўлим мудираси Е.Б. иш вақтида шу поликлиникада фаррош бўлиб ишловчи К.Г.га ўзининг Nexia 3 автомобилини ювдирган. Воқеа акс этган сурат ижтимоий тармоқларда тарқалгач, мудира жаримага тортилган.
Ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиевнинг ёзишича, мудира Меҳнат кодексининг 177-моддаси 2-қисми талабларини бузган. Унда иш берувчи ходимдан унинг меҳнат вазифалари доирасига кирмайдиган ишларни бажаришни, қонунга хилоф ёки ходим ва бошқа шахсларнинг ҳаёти ва соғлиғи учун хавф туғдирувчи, уларнинг шаъни ва қадр-қимматини камситувчи ҳаракатлар қилишни талаб этишга ҳақли эмаслиги белгиланган.
Шу сабабли туман Давлат меҳнат ҳуқуқи инспектори мудирани Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 49-моддасига асосан базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 баравари (1 миллион 115 минг сўм) миқдорида жаримага тортган.
Изоҳ (0)