Андижон вилоятида 23 ёшли фуқаронинг телефонини олиб қочишга уринган Cobalt ҳайдовчиси деворга урилиб, йўл-транспорт ҳодисасини содир этди. Бу ҳақда Тергов департаменти хабар берди.
Маълумотларга кўра, 2 ноябрь куни соат тахминан 23:00 ларда 23 ёшли Шоҳжаҳон исмли шахс Андижон тумани «Қумкўча» МФЙ ҳудудидан ўтган Андижон—Боғишамол транспорт қатнов йўлида 22 ёшли Аслиддин исмли фуқарога тегишли РедМи Note 8 русумли телефон аппаратини фойдаланиш мақсадида олган. У телефонни очиқдан очиқ талон-торож қилиб, бошқарувида бўлган давлат рақамисиз Cobalt русумли автомашинага ўтириб, ҳодиса жойидан қочишга уринган вақтида бошқарувни йўқотиб, деворга бориб урилган. Натижада талончилик содир қилган Шоҳжаҳон ЙТҲ натижасида қовурға суяклари синиши кўринишида ўртача оғирликдаги тан жароҳатлари олган.
Терговга қадар текширув жараёнида аниқланишича Шоҳжаҳон ўша куни қўшнисига тегишли бўлган автомашинани дорихонага чиқиб келиш мақсадида олиб турган.
Мазкур ҳолат юзасидан Андижон тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан унга нисбатан Жиноят кодексининг 166-моддаси 1-қисми (талончилик) билан жиноят иши қўзғатилиб, олиб қочилган уяли телефон аппарати ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинган.
Ҳозирда жиноят иши юзасидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ Қашқадарёда ҳайдовчига таҳдид қилиб, унга тан жароҳати етказган ва автомобилини тортиб олган эр-хотинга суд ҳукми ўқилгани тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)