Бугун,

  • USD 11095.31
  • RUB 173.84
  • EUR 10772.44

Ижтимоий тармоқларда Андижон вилояти Избоскан туманидаги 25-мактаб директори рўмол ўраган ўқувчи қизни «қаматаман», дея қўрқитгани тўғрисидаги хабар тарқалди ва омманинг кескин эътирозига сабаб бўлди. «Kun.uz»нинг маълум қилишича, Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов мазкур воқеага муносабат билдирди.

«Бу масалани ўрганиш керак. Фақат бир кишининг гапи олинмаслиги лозим. Иккинчидан, қайси қонунда ёзилган экан рўмол учун қамалади деган гап? Бу аҳмоқона гап. Бу масалани ўрганиб чиқишган. Избоскан тумани ҳокимлиги бунга муносабат билдирган.

Жойларга борамиз, ‘мана бу ўқитувчига иш бермаётган экан’, деб гапиришади. Агар ўша ўқитувчи билан гаплашиб кўрсангиз, уни умуман мактабга яқинлаштириш керак эмаслиги маълум бўлади. Чунки эртага асабий ҳолатда болани уриб майиб ҳам қилиб қўйиши мумкин. Шунинг учун битта томонни олиб шов-шув қилиб, бу томонни айтиб бўлмайди. Вазиятни тўлиқ ўрганиш керак.

Биз ҳуқуқий жамият қуришга ҳаракат қиляпмиз. Ноқонуний ҳаракат қилган бўлса, суд ҳам, прокуратура ҳам бор. Яъни ҳамма нарса қонун доирасида ҳал қилиниши керак. Лекин ҳеч ким, ҳеч қаерда ўқитувчига ‘ўқувчини қаматаман дегин’ деб кўрсатма бермаган», — деган халқ таълими вазири.

Ушбу ҳолат бўйича Избоскан тумани ҳокимлиги муносабатида қаматиш билан таҳдид қилгани айтилган мактаб директори 23 октябрь куни фарзандини уйлантириш мақсадида тўй маросими ўтказгани, туман халқ таълими бўлими мудиридан ишга чиқмаслик учун рухсат сўрагани ва видеомурожаат тарқалган куни иш жойида бўлмагани қайд этилган.

«Қизнинг онаси билан суҳбат ўтказилганда она карантиндан аввал фарзанди диний либосда эмас, замонавий либосларда юрганлиги бўйича мактаб маъмурияти эътироз билдирганлигини, ёз мавсумидан бошлаб қизининг кийиниш услуби ўзгарганлигини, ижтимоий тармоққа қўйилган видеомурожаатдан эса хабари йўқлигини таъкидлаган.

Бундан ташқари, суҳбат жараёнида ўқувчи қиз астрономия фани ўқитувчиси дарс жараёнида унга мактаб формасига риоя қилишини, миллий менталитетга мос услубда кийиниш лозимлигини айтганлигини, лекин қизга либоси сабаб қаматиш ёки шунга ўхшаш чоралар қўллаш бўйича босим бўлмаганлигини таъкидлаган. Шунингдек, ўқувчи қиз мактаб директорини видеомурожаат тарқалган куни кўрмаганлиги ва гаплашмаганлигини, мурожаат қилаётган вақтида ҳиссиётга берилган ҳолда қаматиш бўйича гап-сўзларни қўшиб юборганлигини билдирган», — дейилган ҳокимлик муносабатида.

Маълумот учун, Вазирлар Маҳкамаси 2018 йил 15 августида ягона мактаб формаси бўйича қарор қабул қилган. Қарор билан тасдиқланган низомнинг 7-банди ижтимоий тармоқларда баҳс-мунозаралар, эътирозларга сабаб бўлган эди. Хусусан, ҳижобни ҳам тақиқлаган ушбу бандда, жумладан, шундай дейилган: «Ўқувчилар таълим муассасаси биноси ичида бош кийимсиз юришлари лозим, таълим муассасасида ўтказиладиган турли тадбирлар жараёни бундан мустасно».

Аввалроқ Тошкентда ҳижобли аёллар ушланиб, сўроқ қилинаётгани ҳақида видеомурожаат тарқалган, Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизмати ҳолат юзасидан расмий муносабат билдиргани ҳақида хабар берилган эди. Бундан ташқари, Тошкент туманида ҳижоб ўраган ва намозхон ўқувчилар рўйхати тузилаётгани ҳақидаги хабарлар тарқалиб, турли муҳокамаларга сабаб бўлганди. Тошкент туман ҳокимлиги бу хабарни тан олиб, аниқ мақсадга йўналтирилган бир марталик тадбир эканлигини билдирган.

Изоҳ
Асосий янгиликлар
Маҳаллий
«Электр таъминотидаги узилишларга кўп дуч келдим» — Ўзбекистонга кўчиб ўтган IT-мутахассис таассуротлари
Дунё
«Сирли одам» — Мурали Лал Жаланнинг Minerva City бўйича интервьюси баҳсларга сабаб бўлмоқда. Лал Жалан аслида ким?
Спорт
Бобур Абдухолиқов Беларусда мавсумнинг энг яхши тўпурари ва энг яхши футболчиси совринига эга чиқди