Instagram ижтимоий тармоғи бугунги кунда машҳурларга яхшигина даромад манбайига айланган. Таниқли шахсларнинг обуначиси қанчалик кўп бўлса, унинг саҳифасида реклама жойлаштириш нархи ҳам шунчалик юқори бўлади. Журналист Наргиза Муродова ўзбек шоу-бизнеси вакиллари Instagram’даги рекламадан қанча пул топиши ҳақида суриштирув ўтказди.

Маълумотларга кўра, машҳурларнинг саҳифасидаги энг арзон реклама 200 доллар, энг қиммати эса 2 000 долларни ташкил этади. Бундан ташқари, кунлик реклама учун ҳам 30 доллардан 200 долларгача нарх белгиланган. Аммо уларнинг кўпчилиги бизнеслари ҳақида очиқчасига гапиришни истамади.

Шаҳло Зоирова

2,4 миллион обуначига эга «Браво» кулги жамоаси аъзоси Шаҳло Зоированинг Instagram саҳифасидаги stories’га реклама жойлаш нархи 300 доллар, аккаунтига реклама жойлаштириш эса 500 долларни ташкил этади.

https://www.instagram.com/p/CF1dimql267/

Райҳон Ғаниева

3,6 миллион обуначига эга Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Райҳон Ғаниева эса энг қиммат рекламаларни жойлаштирувчи аккаунт эгаси. Ўзи иштирок этмаган рекламани хонанданинг саҳифасига жойлаш 1 500 долларни ташкил этади. Агар маҳсулот ёки хизмат турини ўзи реклама қилиб берса, бу нарх яна 500 долларга ошиб 2 000 долларни ташкил этади.

https://www.instagram.com/p/CFwk-x7FLMi/

Муниса Ризаева

Хонанда Муниса Ризаева ўзбек ижодкорлари ичида энг кўп фолловерларга эга ижодкор ҳисобланади. Instagram тармоғида унинг 4,4 миллион кузатувчиси бор. Аммо у рекламага муккасидан кетмаган. Шу кунгача саноқли рекламаларни қабул қилган холос. Унинг stories’га бир марталик реклама жойлаш 1 500 долларни, лентага эса 2 500 долларни ташкил этади. Муниса Ризаеванинг шахсан ўзи иштирок этган реклама роликлари эса бундан анча қиммат туради.

https://www.instagram.com/p/CGraljxjmhj/

Муқаддас Саъдуллаева

2,7 миллион обуначига эга актриса Муқаддас Саъдуллаева битта реклама пости унинг саҳифасидан жой олиши учун қанча пул тўлаш кераклигини ошкор этишни истамади.

https://www.instagram.com/p/CGnzQyeJVax/

«Турмуш ўртоғим буни сир тушишимни қаътий талаб қилади (кулиб). Аммо Instagram орқали яхшигина маблағ топиш мумкинлигини очиқ айтоламан. Гарчи бизда бу реклама тизими ҳали у қадар ривожланмаган бўлса-да, бир ойлик даромадимиз ёмон эмас. Саҳифамда 2 миллион 600 мингдан зиёд обуначи бор. Аслида бунча кузатувчи учун яхшигина ҳақ тўланиши керак. Агар ҳамма саҳифачи реклама нархини арзонга сотмаса, кузатувчилар орасида реклама нархи ҳам ошган бўларди. Шахсан мен фақатгина берилган маҳсулот учун реклама қилмайман», — дейди актриса.

Наргиза Абдуллаева

Актриса Наргиза Абдуллаева эса реклама катта-кичиклигига қараб битта пост учун 200-400 доллар олади.

https://www.instagram.com/p/B9d0tRvJAln/

«Эплаганлар қандини уряпти, аммо мен менежерликни эплолмадим (кулади). Кўнглим бўшлиги шу ерда ҳам панд берди. Масалан, ойига 10 та рекламани саҳифамга жойласам, ундан 5 таси бепул бўлади. ‘Янги бизнес бошлаганман, қўллаб юборинг’, дейдиганларга бунча беринг, деёлмайман. Доимий ҳамкорларим эса рекламанинг мураккаблигига қараб 200-400 АҚШ доллари миқдорида пул тўлашади. Шу билан бирга реклама жойлаётганда унинг ишончли маҳсулот эканлигига ҳам жиддий эътибор бераман. Пул деб одамларга азият берадиган маҳсулотларни реклама  қилишдан қўрқаман», — дейди актриса.

Азиза Ёқубова

468 минг обуначига эга актриса Азиза Якубова саҳифасидаги реклама орқали ойига 2000 долларгача ишлашини маълум қилди.

https://www.instagram.com/p/CFuNohtFOMa/

«Instagram орқали яхшигина пул топиш мумкин, аммо рекламага берилиб кетиш ҳам яхши оқибатларга олиб келмайди. Кузатувчилар орасида мавқе тушиши ва уларни йўқотиш ҳам ҳеч гап эмас. Бир неча ой олдин ойига 2000 долларлик рекламаларни олдим. Ҳозир эса ҳар ойда 200 ёки 500 долларлик рекламаларни қабул қиляпман холос. Шахсан мен ўзимни қиммат реклама қўядиган саҳифа эгаси деб билмайман. Ҳатто мени авраб, уч-тўртта косметика эвазига ҳам реклама қўйдириш мумкин. ‘Браво’ жамоасидаги Шаҳло ва Муниса Ризаеванинг Instagram рекламаси жуда қимматлиги ҳақида эшитгандим. Реклама берувчи ҳам аҳмоқ эмас. Агар эълондан наф бўлмаса, катта маблағ эвазига реклама жойлаштирмайди», — дейди Азиза Ёқубова.